Рекламада манфаат устун. Қонун талаблари ва маънавият-чи?

17:15 16 Январь 2025 Жамият
318 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бозор ёки супермаркетдан бирор маҳсулот харид қилар эканман, асосан унинг сифатига эътибор қаратаман, бренд номи, машҳурлиги, реклама роликларида тинмай айланиши ва шу каби жиҳатлари мен учун умуман аҳамиятсиз, деб ўйлардим. Бироқ янглишар эканман. Яқинда ўзим сезмаган ҳолда фақат реклама қилинаётган маҳсулотларни сотиб олиб ишлатишимни пайқаб қолдим.

Мисол учун, ўзим бир неча йилдан буён фойдаланадиган тиш ювиш пастасининг рекламасини ҳар куни кўрар эканман. Телевизорда “энг зўр” яхна ичимлик дея мақталадиган ичимлик мен учун ҳам “энг зўр”ига айланиб қолибди. Дўконга кириб пештахтадаги 10-15 номдаги мева шарбатларини кўриб чиқишим мумкин, бироқ охирида танлаганим барибир рекламадагиси бўлади. Қайсидир дўкон ёки супермаркет ўз маҳсулотларига 15 ёки 20 фоизлик чегирма эълон қилганини эшитсак, оилавий, қўшнилар ёки ҳамкасблар билан у ерга бориб, маҳсулот харид қилишни одат қилибмиз. Гарчи ўша маҳсулотларга у қадар эҳтиёжимиз бўлмаса ҳам. Ҳатто ижтимоий тармоқларда рекламаси оммалашган қўшни вилоятдаги чойхоналарга бориб, ошхўрлик қилиб келган вақтларимиз ҳам кўп экан.

Билдимки, киши рекламага ишонмаслиги мумкин, бироқ унинг таъсиридан буткул халос бўлолмайди. Бир маҳсулотни қайта-қайта кўраверганингиздан сўнг, у ҳақдаги ахборот хотирангизда мустаҳкам ўрнашиб қолади. Натижада дўконга киргач, эътиборингиз биринчи бўлиб “кўз таниш” маҳсулотга ташланади. Бошқа шу турдаги маҳсулотлар ҳақида эса ҳеч нарса билмайсиз. Шу боис аксарият ҳолларда ўзингиз яхши билган, у ҳақда етарли маълумотга эга бўлган нарса ёки буюмни харид қилишни маъқул топасиз. Мазкур жараёнда рекламанинг кучи катта роль ўйнайди. Унда берилган маълумотларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги эса бошқа масала. Ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Қаламга олмоқчи бўлган мавзум умуман бошқа.

Демоқчи бўлганимки, реклама бевосита инсон онгига таъсир этиш қудратига эга экан, у нафақат тижорий, шу билан биргаликда бир қанча ижтимоий, маънавий, тарбиявий талабларга ҳам мос бўлмоғи лозим. Ўз даврида машҳур рус адабиётшуноси Виссарион Белинский реклама ҳақида “Миллатнинг орзу ва мақсади тўғрисида унинг рекламасига қараб фикр юритса бўлади”, деб ёзган эди. У бу билан реклама фақат тижорий восита эмаслиги, халқнинг маънавий, маданий қарашларини, мақсад ва муддаоларини ҳам акс эттиришига ишора қилган.

Демакки, биз бугун турли оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни, ҳар лаҳза кўрадиган, ўқийдиган, эшитадиган рекламалар ҳам миллий маданиятимизга мос бўлиши керак, аслида. Бироқ баъзи телеканалларда айлантирилаётган, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган айрим рекламалар борки, халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган одоб-ахлоқ, ибо, ор-номус, ирода, шарм-ҳаё, иффат-андиша, ғурур каби фазилатларимизни нурсизлантиришга ундаётгандек тасаввур уйғотади. Улар на миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз, на мамлакатимиз қонунчилигига тўғри келади.

Мисол учун, сўнгги вақтларда телеканалларимизда дори воситаларининг рекламаси ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган.

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддасига асосан, дори воситаларининг рекламасида таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади.

Бундан ташқари, дори воситалари рекламасида олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш мумкин эмас.

Энди ўйлаб кўринг, телеканалларимизда намойиш этилаётган кўпдан-кўп дори воситалари рекламаларининг қайси бирида юқоридаги талабларга амал қилинмоқда?! Афсуски, уларнинг аксариятида машҳур инсонлар намоён бўлади. Реклама қаҳрамонлари ушбу дори воситасидан фойдаланиб, бир зумда оғриқлардан халос бўлгани ҳақидаги ҳикояларини бот-бот такрорлашаверади.

Шунингдек, қонунга кўра, дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт: дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи; дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот.

Аммо биз ҳар куни реклама қилинаётган дориларнинг фақат шифоси билан ширинлигию, бош оғриғи, бел оғриғи, тиш оғриғи, қўйингки, барча оғриқлардан бир зумда халос этиши ва бошқа-бошқа ижобий томонлари ҳақида биламиз. Унинг зарарли оқибатлари бўлиши мумкинлиги ҳақида эса кўпам ўйлаб ўтирмаймиз. Бунга сабаб рекламада бизга ушбу дорининг фақат яхши томонларини чиройли қилиб кўрсатишади.

Ўша дорининг салбий асоратлари ҳам бўлиши мумкинлиги ёки фақат шифокор назорати остида қабул қилиш лозимлиги ҳақида эса нари борса экран пастига кўринар-кўринмас қилиб ёзиб қўйишади.

Шундай бўлгач, тиббиётдан хабари йўқ ота-она фарзандининг иштаҳаси йўқолса, “бу жигардан бўлаяпти”, деб ўйлаши ва рекламада иштаҳа йўқолишини худди шундай талқин этадиган дорини ичирмаслигига ким кафолат беради?!

Миллий телеканалларимиз орқали айлантирилаётган яна айрим рекламалар борки, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга, саъй-ҳаракатларга сира мос келмайди.

— Мисол учун, аксарият маиший техника, мебель жиҳозларининг рекламасида асосий урғу тўйлар, дабдабабозликни тарғиб қилишга қаратилган, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Латиф Қамбаров. — Бирида эр-хотин турмушга чиқаётган қизига қайси кондиционердан олиш кераклиги ҳақида баҳслашса, бошқасида қуданинг туғилган кунига замонавий кир ювиш машинасини совға қилиш кераклиги уқтирилади. Ҳатто келин томон вакиллари бўлғуси куёвнинг ўн хонали уйига бешта кондиционер нима бўлади, дея баҳслашишган рекламаларни ҳам кўрдик. Демоқчи бўлганимки, тўйларимиздаги дабдабабозликларнинг ҳаддан ошиб кетиши, қуда томонлар ўртасида совға-саломлар улашишнинг авж олиши, ҳатто ҳукумат даражасида эътибор қаратиладиган ҳолатга келиб қолишида мана шу каби рекламаларнинг ҳам “хизмати” бисёр.

Биз мавзуни ўрганиш жараёнида ташқи тарғибот воситалари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги рекламаларни ҳам таҳлил этишга уриндик. Афсуски, бу соҳада на қонунчиликка, на маънавиятга, на миллий қадриятларимизга амал қилинар экан?.. Буни назорат қиладиган ташкилотларнинг ўрни эса ҳозирча сезилаётгани йўқ.

Тўғри, маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, корхоналар ўз маҳсулоти ҳақидаги ахборотни кенг истеъмолчилар оммасига таъсирчан, эътиборни тортадиган тарзда етказишни хоҳлайди. Бу ишни эса реклама воситасида тез ва самарали амалга ошириш мумкин. Лекин рекламада кимнингдир манфаати асосий ўринга чиқиб, маънавиятимиз, маданиятимизга дарз кетмаслиги керак. Реклама берувчилар, тайёрловчилар ва уни эълон қилувчилар ана шу жиҳатга эътибор қаратишса, нур устига аъло нур бўларди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?