«Реал Мадрид»дан йирик ғалаба, «Манчестер Сити»дан сенсацион натижа
Кеча, 20 январь куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг 7-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасидан ўрин олган муҳим баҳсларга тўхталиб ўтамиз.
Турда 2 та сенсацион натижа кузатилди. Дастлаб, Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити» жамоаси Норвегияда «Буде-Глимт» клуби билан куч синашди. Ўйин олдидан «шаҳарликлар» Чемпионлар лигаси турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турган эди. Аммо бу галги ўйин омадли чиқмади.
Баҳс мусобақада 35-ўринни эгаллаб турган «Буде-Глимт» клубининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Дастлаб биринчи бўлимнинг 24 ва 26-дақиқаларида Норвегия клубининг даниялик ҳужумчиси Каспер Ҳёйг 2 та гол киритиб, жамоасини танаффусга ғолиб ҳолатда олиб чиқиб кетган эди.
Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида Йенс Петтер жамоасининг учинчи голини киритди. Ордан 2 дақиқа ўтиб, Райан Черки «Манчестер Сити»нинг ягона жавоб голини киритди.
62-дақиқада Пеп Гвардиола жамоасининг ўйинида асосий вазифалардан бирини бажараётган Родри қўполлиги сабабли майдондан четлатилди. Шу тариқа баҳс 3:1 ҳисобида майдон эгаларининг ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи сенсацион натижа эса Лиссабон шаҳрида ўтган ўйинда кузатилди. Унда «Спортинг» клуби мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖ жамоасини қабул қилди.
Ўйин ҳужумкор руҳда ўтди. Аммо 75-дақиқага қадар ҳисоб очилмади. Ушбу дақиқага келиб, Луис Хавьер Суарес ҳисобни очди. Ордан 4 дақиқа ўтиб, Хвича Кварацхелия ҳисобни тенглаштирди.
Ўйин асосий вақтининг сўнгги дақиқасида Суарес баҳсдаги иккинчи голини киритди. Шу тариқа баҳс мезбонларнинг сенсацион ғалабаси билан якунланди.
9 кун олдин бош мураббийини истеъфога чиқарган ва шу воқеадан 2 кун ўтиб, Испания Қирол кубоги мусобақасидан чиқиб кетган «Реал Мадрид» клубининг ҳам Альваро Арбелоа бошчилигида Чемпионлар лигасида ўтказган дастлабки ўйини муваффақиятли чиқди.
Ўйин олдидан турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турган «қироллик клуби» ушбу ғалаба эвазига 2-ўрингача кўтарилиб олди.
«Монако»га қарши кечган ўйин 6:1 ҳисобида якунланди. Арбелоа жамоасидан голларга Килиан Мбаппе (2 та), Франко Мастантуоно, Жуд Беллингем ва Винисиус Жуниор муаллифлик қилди. Яна бир гол автогол сифатида Тило Керер ҳисобига ёзилди. «Монако»нинг ягона жавоб голига эса Жордан Тезе муаллифлик қилди.
Турнинг марказий ўйинида «Интер» клуби АПЛ ва Европа чемпионлар лигаси етакчиси «Арсенал» жамоасини қабул қилди. Учрашув кутилганидек, меҳмонларнинг устунлиги остида ўтди.
Ўйинда ҳисоб 10-дақиқада Габриэл Жезус томонидан очилди. Ордан 8 дақиқа ўтиб, Петар Сучич ҳисобни тенглаштирди. 31-дақиқада Жезус жамоасини танаффусга ғалаба билан чиқиб кетишини таъминловчи голни киритди. Иккинчи бўлимнинг 84-дақиқасида Виктор Гёкереш жамоасининг ўйиндаги учинчи голини киритди. Шу тариқа ўйин 3:1 ҳисобида Микел Артета жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Тур доирасида бўлиб ўтган бошқа ўйинлар натижалари билан қуйида танишишингиз мумкин:
«Қайрат» (Қозоғистон) — 1:4 «Брюгге» (Бельгия);
«Копенгаген» (Дания) — 1:1 «Наполи» (Италия);
«Олимпиакос» (Греция) — 2:0 «Байер» (Германия);
«Тоттенҳэм» (Англия) — 2:0 «Боруссия Дортмунд» (Германия);
«Вильярреал» (Испания) — 1:2 «Аякс» (Нидерландия).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг