Разамбек Жамалов ярим финалда. Энди рақиб қўшни мамлакат вакили

16:39 09 Август 2024 Спорт
166 0

Франция пойтахтида ўтказилаётган ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбек спортчилари ўз юришларини давом эттирмоқда.

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Разамбек Жамалов «Париж-2024» ёзги Олимпиада ўйинларидаги иштирокини давом эттирди.

-74 кг вазн тоифасида қатнашаётган спортчимиз Жамалов яна бир қийин баҳсни яна бир кучли спортчи Албания шарафини ҳимоя қилаётган россиялик Чермен Валиевга қарши ўтказди.

Спортчимиз ишончли ҳаракатлари билан баҳсни ўз фойдасига ҳал қила олди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Разамбек сўнгги сонияларда 2 очко олди ва умумий 6:5 ҳисобида кейинги босқичга йўл олди.

Қайд этиш керакки, Жамалов турнирда сенсацион натижалар қайд этмоқда. У биринчи баҳсда «Токио-2020» финалчиси Магомедхабиб Кадимагомедовни 8:0, тўрт карра Европа чемпиони ва жаҳон эркин кураш юлдузи Словакия вакили Таймураз Салказановни 10:4 ҳисобида мағлуб қилди.

Энди у финал йўлланмаси учун тожикистонлик Виктор Рассадин билан курашади.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Разамбек Саламбекович Жамалов 1998 йил 1 июлда Чеченистонда туғилган. 2020 йилги Жаҳон кубоги ғолиби ҳисобланади.

Аввалроқ, Улуғбек Рашитов ва Ҳасанбой Дўсматовлар икки каррадан Олимпиада олтин медаль соҳиблари бўлган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?