Рассом шоирдан, шоир рассомдан илҳом олади — Бадиий академияда ижодкор жуфтликнинг асарлари тақдимоти ўтказилди
Фото: Юнус Бўриев/“Халқ сўзи”
22 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясида санъат арбоби, профессор, рассом Ортиқали Қозоқовнинг “Ипак йўлларида мўйқалам билан” номли шахсий кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазма доирасида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гули Нигорнинг шеърий китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг Буюк ипак йўлига бағишланган 50 га яқин рангтасвир йўналишидаги асарлари намойиш этилмоқда. Муаллифнинг айтишича, асарлар учун Ипак йўли бошланган Хитойнинг Янчжой шаҳридан Мисргача, шунингдек, Европа мамлакатлари бўйлаб қилган ижодий сафарлари чоғида ишланган хомаки расмлар асос қилиб олинган.
Кўргазмага қўйилган ҳар бир асар инсонни ҳайратлантиради. Қай бири кўргазманинг “шоҳ асари” экан деб, ўйлаб қоласан киши. Буни рассомнинг ўзидан сўраганимизда у шундай жавоб берди:
— Биласизми, одатда ҳар битта яратилган асар қанчадир вақт ўтгандан кейин рассом учун қадрдон дўстга айланиб боради. Албатта, бу томошабинлар, мухлислар қалбидан жой олишига ҳам боғлиқ. Чунки, шунга қараб, у аста-секин оммалашади, қалбларга кириб боради. Бир неча йиллардан кейин, ўша асар шунчалик катта бир ҳурмат-эҳтиромга эга бўладики, у шундан кейин ҳақиқий “шоҳ асар” бўлади.
Бундан ташқари, Ортиқали Қозоқов Ўзбекистонда тасвирий санъат, умуман санъатга берилаётган эътиборни эътироф этди.
— Ўзбекистонда тасвирий санъат, умуман санъатга берилаётган эътиборни юқори, — деди у. — Чунки ижодкор эътибордан илҳомланиб асарлар яратади. Ўзбекистонда тўрт фаслнинг ўзига хослиги, катта ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги... буларнинг барчаси ўз-ўзидан гўзал асарлар яратишга куч беради.
Кўргазмага ташриф буюрган махсус меҳмонлар қаторини тўлдирган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори, ёзувчи, журналист Хуршид Дўстмуҳаммад Ортиқали Қозоқовнинг ижодини 40 йилдан бери кузатишни айтди.
— Ортиқали Қозоқовни холис ижодкор дейиш мумкин, — деди ёзувчи. — У ранглардан усталик билан фойдаланади, кайфиятдан фойдаланади-да, томошабинни хурсанд қиладиган, кўзига, дилига, кўнглига завқ берадиган расмларни чизади. Бу ҳам ўзига хос услуб, бадиий дунёқараш дейиш мумкин.
Рассом бўладими, шоир бўладими, такомиллашиб бормоғи керак. Чунки ҳаёт ривожланиб боряпти. Ортиқали Қозоқовни мутахассис сифатида эмас, бир томошабин, мухлис, шинаванда сифатида кузатаман.
Шу тобда Хуршид Дўстмуҳаммад кўргазма доирасида бўлиб ўтган Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гули Нигорнинг шеърий китоблари тақдимотига сўзни бурди:
— Мен бугун билдим: Гули Нигор Ортиқалининг оила аъзоси экан. Шоиранинг бир нечта китоблари чоп этилган. “Кузги япроқлар симфонияси” деган салмоқли китоб чиқибди. Бу оилага ҳавас қилса арзийди. Демак, оилада ижодий муҳит доим ҳукмрон. Эҳтимол, фарзандларига ҳам ўтган. Рассом шоирдан, шоир рассомдан илҳом олиши ҳаётда табиий бир нарса. Бу ҳам бахт, оиланинг бахти.
Маълумот учун, кўргазма доирасида шоира Гули Нигорнинг “Кузги япроқлар симфонияси” ва “Қалбим тубидаги гавҳарим" номли шеърий китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ортиқали Қозоқовнинг “Ипак йўлларида мўйқалам билан” номли шахсий кўргазмаси 2 ноябргача давом этади.
Машҳура Алимардон, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг