Расман «Ман Сити» клуби Абдуқодир Ҳусанов трансферини эълон қилди. Футболчи «Ланс»га хайрлашув мактубини қолдирди
Ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов расман «Манчестер Сити» футболчисига айланди. Таништирув видеоси клубнинг расмий саҳифасида пайдо бўлган.
Шунингдек, «шаҳарликлар» клуби расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ушбу трансферини тасдиқлади.
Трансфер қиймати бонуслар билан бирга 50 миллион еврони ташкил қилади. Шартнома яна бир йил узайтириш имконияти билан 2029 йилга қадар имзоланган. 20 ёшли ҳимоячимиз янги клуби сафида 45-рақамда тўп суради.
Тахминларга кўра, Ҳусановнинг «Манчестер Сити» таркибидаги илк расмий таништирув тақдимоти 25 январь кунига тўғри келиши мумкин. Ушбу кунда Манчестер клуби АПЛ доирасидаги «Челси»га қарши баҳс олиб боради.
Қайд этиш лозимки, «Манчестер Сити» Ҳусанов учун курашда яна бир инглиз клуби «Нюкасл», Франция чемпиони «ПСЖ» каби йирик клубларни ортда қолдирди.
Шунингдек, Абдуқодир ўз «Инстаграм» саҳифасида собиқ клубига хайрлашув мактубини қолдирди.
«Азиз дўстлар,
Юрагимда алоҳида ўрин тутган ва Европадаги илк катта саргузаштим бўлган «Ланс» жамоаси билан хайрлашиш вақти келди.
Франция ва Ланс шаҳрига самимий қабул учун катта раҳмат! Франция менга эшикларини очди, французлар менга меҳрибон эди. Бунинг учун сизларга раҳмат. Франция – имкониятлар мамлакати, менга француз маданияти, француз тили ва, албатта, француз футболи жуда ёқди.
Ўтган бир ярим йил давомида мени қўллаб-қувватлаган барчага чуқур миннатдорлик билдираман. Уилл Стилл бошчилигидаги ҳозирги ва Френк Эз бошчилигидаги олдинги мураббийлар штабига ишонч ва ривожланишимдаги ҳиссалари учун катта раҳмат.
Жамоадошларимга ташаккур. Биринчи кунданоқ меҳр билан қарши олиб, мослашишга ёрдам бердингиз. Сизлар туфайли майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам ўзимни уйдагидек ҳис қилдим.
Стадион ва машғулот базасидаги ходимларга, ишчиларга ҳам раҳмат. Ва, албатта, «Ланс»нинг ажойиб мухлисларига катта раҳмат. Сиз жамоангиз учун ҳамма нарсага тайёр бўлган ҳақиқий армиясиз. Бизни олға етакладингиз, сўнгги нафасимизгача тинмай қўллаб-қувватладингиз.
Фаолиятимда мени янги синов кутиб турибди, лекин бу ерда бошдан кечирганларимни ҳеч қачон унутмайман. «Ланс» доимо юрагимда қолади ва менинг бир қисмим ҳамиша Санг эт Ор («қон-олтин» – «Ланс»нинг лақаби – таҳр.) бўлиб қолади.
«Ланс»нинг бир бўлаги бўлганимдан фахрланаман!», деган ўз мактубида футболчи.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов трансфер қиймати борасида ўзбек футболчилари рекордини янгилади ҳамда Англия Премьер-лигасида тўп сурадиган илк ўзбек футболчисига айланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг