Расман: Бокс Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинлари дастурига киритилди

18:50 20 Март 2025 Спорт
819 0

Фото: МОҚ

Бокс Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин оладиган бўлди. Бу ҳақида Грецияда ўтаётган Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) 144-Сессиясида расман эълон қилинди.

Қайд этилишича, беллашувлар «World Boxing» ташкилоти томонидан ўтказилади.

Ушбу қарор қабул қилингунига қадар бокс Олимпия ўйинлари мусобақалари рўйхатидан чиқарилган эди. Бунга Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) атрофида юзага келган муаммолар сабаб бўлди. Мазкур ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликлар 2019 йилда — IBAʼнинг олдинги раҳбарлигида, федерация бошқарув, молия ва ҳакамлик билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келганида пайдо бўлган.

2020 йилда IBAʼга россиялик Умар Кремльёв янги раҳбар сифатида сайланди. Аммо ХОҚ ташкилотга қайта ишонч билдирмади ва 2024 йилнинг июнь ойида IBAʼни тан олинган федерациялар рўйхатидан расман чиқариб ташлади. Қарор Лозаннадаги Спорт арбитраж суди томонидан ХОҚнинг Париждаги сессиясида қабул қилинди ва у бир овоздан маъқулланди.

ХОҚ ва IBA ўртасидаги сўнгги можаро Россия ва Беларусь спортчилари федерацияси шафелигида ўз мамлакатлари байроқлари остида мусобақаларда қатнашиши билан боғлиқ вазиятда юзага келди. Бу ХОҚ тавсияларига мос келмайди.

Оқибатда, оқибатда ўтган йилнинг май ойида ХОҚ IBAʼга аъзо федерациялар спортчиларини 2028 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашишни тақиқлади. Шунга қарамай, Париж-2024 Олимпиадасида бокс мусобақалари ХОҚнинг махсус ишчи гуруҳи назорати остида ўтказилди.

2023 йилнинг 13 апрель куни «World Boxing» ташкилотига асос солинди ва у IBAʼга муқобил сифатида катта саҳнага чиқди. Тузилма боксни Олимпия ҳаракатида сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган. Шу кундан бошлаб «World Boxing» расмийлари Олимпия ўйинларида ўз бокс делегациялари иштирокини таъминлаш истагида бўлган давлатларга ташкилотга аъзо бўлиш таклифини юбора бошлади.

Апрель ойининг ўзида Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Филиппин, Швеция ва Қўшма Штатлар вакиллари янги халқаро федерация – «World Boxing» ташкил этилганини расман эълон қилди ҳамда «бошқарув ва ҳалоллик» билан боғлиқ муаммолар туфайли IBA аъзолигидан чиқишини билдирди.

Мазкур ташкилотга аъзо бўлган миллий федерациялар сони 44 тага етган бир вақтда қўшни Қозоғистон Бокс федерацияси IBA аъзолигидан чиқиши ва унинг муқобили сифатида кўрилаётган «World Boxing»га қўшилиш истагида эканини маълум қилди.

Воқеалар фонида янги федерация президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига (МОҚ) ташриф буюрди. 2024 йилнинг 7 октябридаги ташриф доирасида бокснинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақлаб қолиниши муҳокама этилди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов иштирок этди ва улар бокснинг ёзги Олимпияда дастурида сақланиб қолиши тарафдори эканини билдирди.

Орадан қарийб бир ой ўтгач эса Ўзбекистон бокс федерацияси IBAʼни расман тарк этиб, янги тузилган «World Boxing» ташкилотига аъзо бўлди. Бу ҳақида ташкилот расмий сайтида маълум қилинди. Федерация матбуот хизмати Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Гватемала ҳамда Лаос янги аъзо сифатида қабул қилингани ҳақида ёзди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон каби етакчиларнинг қўшилиши халқаро ташкилотнинг Осиёдаги ўрнини сезиларли даражада оширди», дейилади ташкилот хабарида.

Гарчи «World Boxing» ташкилоти аъзолигини қабул қилган бўлса ҳам, ўзбекистонлик боксчилар IBA турнирларида қатнашишда давом этмоқда.

Маълумот учун, 2025 йил 20 март ҳолатига кўра, Халқаро бокс федерациясининг аъзолари сони 80 дан ошган.

Муҳсинжон Умурзоқов / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?