Рақобат қўмитаси яна бир банкни жаримага тортди

07:29 23 Июль 2024 Иқтисодиёт
151 0

Рақобат қўмитаси AVO Банк АЖни жаримага тортди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмитага AVO Банк АЖ кўрсатаётган хизматлари ҳақида нотўғри реклама тарқатаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган.

Мурожаатда банк сайтининг “AVO бонуслари” саҳифасидаги реклама ахборотларида “250 000 сўм ҳар бир янги мижозга”, “+250 000 сўм сизга ва Авонинг ҳар бир янги мижозига”, “Ҳисобингизга 250 000 сўм олиш” ва “Картага 250 000 сўм олиш” каби маълумотлар кўрсатилгани айтилган. 

Мурожаатда банк томонидан ҳар бир янги мижозга 250 000 сўм пул берилмаслиги, мазкур пул кўринишидаги бонусларни олиш учун банк мижози маълум бир ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, шунда ҳам мижозга 250 000 сўм пул маблағи нақд пул кўринишида тақдим этилмасдан, банкнинг мобил иловаси орқали бонус баллари кўринишида тақдим этилиши маълум қилинган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижасида AVO Банк АЖнинг сайтида “AVO Ўзбекистондаги энг қулай мобил банк” мазмунидаги реклама жойлаштирилгани аниқланган. 

Шунингдек, банк томонидан ҳар бир янги мижоз учун 1 бонус бали 1 сўмга тенг бўлган бонус баллари тақдим этилиши, мижознинг ўз хоҳишига кўра ушбу бонусларни пул маблағларига алмаштириши ёки банкнинг кўрсатган хизматлари учун тўлов сифатида ишлатиши мумкинлиги белгилангани, шу сабабдан реклама ахборотларида “Ҳар бир янги мижоз учун 250 000 сўм олинг”, “Ҳар бир таклиф қилинган шахс учун 50 000 сўм”, “Ҳисоб рақамига 250 000 сўм олинг” мазмунидаги иборалардан фойдаланилгани, бироқ AVO Банк АЖнинг ушбу пул маблағларини мижозларнинг ҳисобрақамларига тўғридан тўғри ўтказиб бериш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, AVO Банк АЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ташқи реклама воситаларида тарқатилган реклама ахборотлари қўшимча равишда ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, турли манбалар орқали эълон қилинган реклама ахборотларида AVO Банк АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси ҳақида жойлаштирилган маълумотларида “AVO платинум кредит картаси — ҳар қандай харид учун 0% ставка” ҳамда “AVO платинум кредит картаси — 2 миллионга харид қилиб, 2 миллион қайтариш” деган мазмундаги иборалардан фойдаланилгани кузатилди.

Ваҳоланки, AVO Банк АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси маблағларидан фойдаланиш шартларига кўра, мижозларнинг ушбу кредит карталари орқали амалга оширган харид суммалари учун 45 кун давомида фоизлар ҳисобланмаслиги, харид амалга оширилган санадан 45 кун ўтгач, ушбу пул маблағлари учун белгиланган тартибда кредит фоизлари ҳисобланиши маълум бўлди, дея қўшимча қилинади хабарда.

Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб, AVO Банк АЖга нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани натижасида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?