«Рақиб ҳимоячисини телефон будкасида ҳам алдай олишга қодир футболчи» дея таъриф берилган ўйинчи Ўзбекистонда туғилганди

09:49 23 Сентябр 2020 Спорт
607 0

Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё харитасида катта ўзгаришлар юз берди. Европада иккита сиёсий тузум ўртасида баъзан ошкора, баъзан хуфёна кураш борди. Бу кураш Грецияни ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатда фуқаролик уруши рўй берди. Якунда соцлагер тарафдорлари енгилишди. Ўша пайтда кўплаб оилалар Венгрия, Чехословакия, Польша, Болгария, СССР каби давлатлардан бошпана топишди. Жумладан, 20 минг атрофида грек фуқаросини Ўзбекистон ўз бағрига олди. Василис Хадзипанагис ана шу грек оилаларидан бирида 1954 йилда Тошкентда туғилди.

— Болалигим ажойиб кечган, — дея эслайди кейинчалик у журналистларга берган интервьюсида.  — Ота-онам билан панель уйда яшардим, маҳаллий таомлар — палов, кабобни маза қилиб ердим. ”Пахтакор”га қабул қилинганимда 17 ёшда эдим. Бу ерда яхшигина ҳақ тўлашарди. Клуб менга «Жигули» автомашинаси, уй берди.

Мамлакат ёшлар терма жамоасига чақирилган Василисни Москванинг ЦСКА клуби сафига қўшмоқчи бўлишади. Аммо ўзининг таъкидлашича, республиканинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов «Пахтакор»нинг иқтидорли футболчиларини, жумладан, Хадзипанагисни ҳам жамоада олиб қолиш учун қайғурган.

 —Собиқ Иттифоқда тўрт мавсум давомида юқори даражада тўп сурдим, — дея давом этади қаҳрамонимиз. — «Пахтакор»га мени Вячеслав Соловьев чақирган эди. У отамга «Агар ўғлинг СССР фуқаролигини қабул қилмаса, шундай катта иқтидор эгаси изсиз йўқолиб кетади», деган экан. Кўп ўтмай менга фуқароликни беришди. Мамлакат олимпия терма жамоасида Константин Бесков, «Пахтакор»да Гавриил Качалин каби тажрибали мураббийлар ишлашарди. Улардан кўп нарсани ўргандим.Качалин мамлакат олимпия терма жамоаси билан 1956 йилги Олимпиадада, 1960 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиққан эди. ”Пахтакор” билан Киевнинг «Динамо»сини 5:0 ҳисобида енгганимиздан кейин, у олдимга келиб «Сен жаҳон даражасидаги ўйинчисан» деганди. Мени эса Грецияга кетиш ўй- хаёли чулғаб олганди. Агар қолганимда йигитлар билан Монреал олимпиадасига бориб бронза медалини қўлга киритган бўлардим.

Ўшанда қаҳрамонимизга ёшлиги панд берган чоғи Грециянинг пешқадам жамоаларидан бири эмас, ўртамиёна «Ираклис» клуби билан шартнома тузади. Бу жамоа иштирокидаги ўйинларда у пайтда стадионга атиги 2-3 минг томошабин тушарди. Хадзипанагис келгач, бу кўрсатгич 15-16 минг нафарга етади. Боз устига жамоа финалда «Олимпиакос»ни мағлуб этиб, Греция кубогини қўлга киритди.

 —Шундан кейин ҳам Тошкентга тез-тез бориб турардим, — дейди Хадзипанагис. — Мени у ерда жуда яхши кўришарди. Борганимда 1979 йилги авиафалокат оқибатида ҳалок бўлган дўстларим мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилардим. Володя Фёдоров, Миша Ан... Эсласам, ҳали- ҳануз алланечук бўлиб кетаман.

1977 йилда Хадзипанагис оёғидан жароҳат олади. Уни”Арсенал” ва Англия терма жамоаси физиотерапевти Стритнинг олдига Лондонга жўнатишади. Қаҳрамонимиз билан бир ой давомида муолажа ишларини олиб борган Стрит «Арсенал» мураббийига уни жамоага олиш кераклигини айтади. Аммо «Ираклис» клуби раҳбарияти «У бизга тегишли» деб розилик бермайди.”Штутгарт”, "Порту", "Лацио" клубларидан тушган таклифларга ҳам шундай жавоб берилади.”Ираклис” клуби у билан шундай шартнома тузгандики, ҳужжатга кўра, клуб келишув муддатини ўз хоҳишича чўзиши мумкин эди. Грек клуби анойи эмасди, албатта. Агар Хадзипанагис «Ираклис»дан кетса, клуб мўмай даромаддан маҳрум бўларди. Негаки, аксарият мухлислар шу футболчининг майдондаги бошқаларга ўхшамайдиган ҳайратомуз ҳаракатларидан, финтларидан, чиройли голларидан баҳра олиш учун келишарди. Европадаги футбол нашрлардан бири «Хадзипанагис ҳатто телефон будкасида ҳам рақиб ҳимоячисини алдай олишга қодир», дея ёзгани бежиз эмасди. Буни ўша кезларда ёппасига «Пахтакор»га мухлислик қилган, ҳозирда ёшлари анчага бориб қолган ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳам яхши билишади. У бурчак зарбасини йўллаб рақиб дарвозасини ишғол эта билган дунёдаги саноқли футболчилардан саналади. Расмий учрашувларида унинг ҳисобида худди шундай 6 та гол бор. Дарвозанинг шундоқ рўпарасида туриб тўпни осмону фалакка йўллайдиган ҳозирги айрим футболчилар буни билиб қўйишса зиён қилмасди. Хадзипанагиснинг алдамчи ҳаракатлари кишига бир дунё завқу шавқ улашарди. Уни ҳатто айрим мутахассислар дунё тан олган Марадонаю Мессига қиёслашади. Фақат фарқи шундаки, Хадзипанагис ўз иқтидорини тўлиқ юзага чиқариш имконига эга бўлмади. Юқорида таъкидлаганимиздек, «Ираклис» уни бошқа номдор жамоаларга қўйиб юбормади. Греция терма жамоасида эса бир учрашувда майдонга тушган заҳоти УЕФА тақиқига учради. Негаки, у «Пахтакор» сафида ўйнаб юрган кезларида собиқ иттифоқ терма жамоасига жалб этилганди. Шу боисдан энди иккинчи бир мамлакат миллий терма жамоасида ўйнаш ҳуқуқига эга эмасди.

Хадзипанагис катта футбол билан хайрлашгач, болалар футбол мактаби очди. Бироқ бу борадаги ишлари юришмади. Футбол агенти бўлмоқчи эди. Аммо бу ниятдан ҳам воз кечишига тўғри келди. Ҳозир Греция футбол клублари учун ёш иқтидор эгаларини топиб бериш билан машғул. Ўзи эътироф этганидек, энг муҳими, соғ-саломат. Дарвоқе, у бир пайтлар тўп сурган «Ираклис» клуби ҳозир қарзга ботиб, ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолган.Жамоа мамлакат тўртинчи лигасида ўйнайди.

Сўзимиз якунида эса Хадзипанагиснинг буюк футболчи эканига оид яна икки далилга эътиборни қаратмоқчимиз. 2003 йилда Греция футбол федерацияси уни мамлакатнинг сўнгги 50 йил ичидаги энг кучли футболчиси дея тан олди. Тошкентда туғилиб ўсган бу футболчи 20 ёшдалигида собиқ СССР олимпия терма жамоасида тўп сурган ва дастлабки ўйинидаёқ югославлар дарвозасини ишғол этганди. Орадан тўққиз йил ўтиб Василис Хадзипанагис таркибида Киган, Беккенбауэр ва Марио Кемпесдек афсонавий футболчилар бўлган жаҳон терма жамоаси сафида майдонга тушди. Айрим манбаларда айтилишича, у АҚШда ташкиллаштирилган ушбу хайрия учрашувида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси вакили сифатида тўп сурган. Тушган маблағ Африкадаги оч-яланғоч болалар учун сарфланган. Дарвоқе, ўшанда Америкада истиқомат қилувчи грек муҳожирларининг 15 минг нафари Хадзипанагиснинг ўйинини кўргани атайин стадионга келишган ва бутун учрашув давомида шу футболчининг номини жўровоз бўлиб айтиб туришган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?