«Ралли Мўйноқ – 2024» мусобақаси ғолиблари аниқланди

01:25 28 Май 2024 Спорт
608 0

Фото: «Халқ сўзи»

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикасида «Ралли Мўйноқ – 2024» халқаро экстремал автопойга мусобақаси ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан 150 нафарга спортчи иштирок этди.

Мусобақада иштирокчилар Мўйноқ туманидаги Устюрт текислиги ва Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб 450 километр масофага беллашди. Пойгалар двигатель ҳажми 1600 см3гача «А-8», двигатель ҳажми 2000 см3гача «А-9» синфларидаги, шунингдек, двигатель ҳажми 2000 см3гача «Багги» автомобиллари ҳамда двигатель ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мототциклларда ўртасида ўтказилди.

Якунда двигатель ҳажми 125 см3гача мототцикллар пойгасида Сатурян Богдан (Навоий), двигатель ҳажми 500 см3гача бўлган мототцикллар пойгасида Жасурбек Саматов (Бухоро)лар биринчи ўринни эгаллади. «Багги» синфи бўйича Равшан Қобилов (Тошкент шаҳри) маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ушбу йўналишлар ғолиблари 15 миллион сўм мукофоти билан тақдирланди

Двигатель ҳажми 1600 см3гача автомобиллар пойгасида Фикрат Ахтамов ва Фируз Жумаев (Самарқанд) дуэти биринчи ўринни эгаллаб, 100 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Двигатель ҳажми 2000 см3гача бўлган транспорт воситалари пойгасида Фаррух Ургунов ва Отамурод Собитов (Тошкент шаҳри) барча рақибларини ортда қолдириб, ғолибликка эришди ҳамда 100 миллион сўм пул мукофотига эга чиқди.

Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмита раиси Т. Романов сўзга чиқиб, автопойгада фаол иштирок қилган барча спортчиларга миннатдорлик билдирди ҳамда бу каби тадбирларнинг Оролбўйига маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилишда аҳамияти катта эканини қайд этди.

– Мусобақани ташкил этишдан асосий мақсад минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришдир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси матбуот котиби Элшад Валиев. – «Ралли Мўйноқ» экстремал автопойгаси доирасидаги тадбирлар биринчи марта 4 кун давом этди. Бу Қорақалпоғистонга, шу жумладан, Мўйноққа сайёҳларни кўпроқ кун бўлишини таъминлашга қаратилган. Пойга кунлари кўнгилочар тадбирлар, хусусан, ёшлар орасида таниқли бўлган «ARVII», «Just Kama», «SULTVN», «VAGAN» каби дижейлер иштирокида концерт дастурлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га Фармони билан тасдиқланган «2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси»да маҳаллий ва хорижий авто ва мото-спорт федерациялари иштирокида Устюрт яссилигидаги экстремал маршрути бўйлаб авторалли ташкил қилиш белгиланган. Шунга асосан дастлаб «Ралли Мўйноқ — 2019» ўтказилган бўлганди. Бу йил ушбу мусобақа 5 бор ташкил этилди.

Мусобақа Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?