Раҳбар кадрлар тайёрлашда тарих ва замонавийлик уйғунлиги

10:33 26 Сентябр 2025 Сиёсат
107 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни самарали ташкил қилиш, фуқаролар манфаатларини ҳимоялаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган тизимнинг яратилиши замонавий давлат бошқаруви равнақида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Демократия ва очиқлик тамойиллари асосида ҳукумат қарорлари шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг уларга таъсир кўрсатиш имкониятини кенгайтириш, ҳуқуқий давлат барпо этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу аснода, “халқ билан мулоқот”, “инсон қадри”, “халқни рози қилиш” каби улуғвор ташаббуслар илгари сурилди ва улар давлатнинг барқарор ривожланишига, имижининг дунё даражасида ошиб боришига хизмат қилмоқда.

Давлат хизматларини модернизация қилиш, яъни рақамлаштириш ва соддалаштириш, корпоратив бошқарув, лидерлик кўникмаларини давлат хизмати тизимига татбиқ этиш, натижавий бошқарув (Results-Based management), профессионал кадрлар сиёсатини юритиш, давлат хизматларини ягона марказлар (“one-stop-shop”) орқали кўрсатиш, коррупцияга қарши кураш, маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини кенгайтириш, “яшил” иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия ва экологик бошқарувни ривожлантириш, давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта ўқитиш, халқаро ҳамкорлик ва глобал бошқарув тамойилларини жорий этиш бугунги замонавий бошқарувнинг асосий омилларидир.

Бинобарин, давлатчилигимиз тарихига назар ташласак, IX — XII асрлардаги илк Ренессанс Форобий, Ибн Сино, Беруний каби мутафаккирлар сиймосида шаклланган бўлиб, улар билим ва ҳикматни ақл ҳамда тажриба орқали мукаммаллик сари йўналтирганларини кўрамиз. Бу даврда бошқарув фақат сиёсий кураш эмас, балки ақл-идрок, ахлоқ ва илм асосида қурилиши кераклиги тўғрисидаги фикрлар илгари сурилган.

Президентимиз ҳам Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси сифатидаги чиқишларида бугун раҳбарлар ўз билим ва тажрибаси, ахлоқ-одоби, маънавий қиёфаси билан ибрат бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Хусусан, буюк мутафаккирларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилаётгани, бутун дунёни ўзига мафтун этиб келаётган Самарқанд шаҳрида буюк аллома Бухорий зиёратгоҳи қайтадан таъмирланаётгани раҳбар маънавиятининг яққол ифодаси бўлиб, янги Ўзбекистон имижини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшади.

Бошқарувнинг кейинги мумтоз тамойиллари XV асрга келиб, иккинчи Шарқ Ренессанси даврида Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Мирзо Улуғбек каби буюк сиймолар қолдирган ўчмас мерос, раҳбарнинг қаҳрамон эмас, балки маърифатли, халқ дардини англайдиган шахс сифатидаги сиймоси тимсолида шаклланди. Давлат бошқаруви фақат қудрат эмас, маънавий масъулият эканлиги ҳақидаги фикрлар шу давр адабиёти ва асарларида кенг ўрин олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳбар кадрларга малака ошириш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш имкониятларини яратиб бергани, хусусан, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг “Ҳокимлик мактаби” махсус ўқув курслари тингловчилари Германияда билим ва тажриба орттириб келишгани ҳам айнан шу тамойилларга асосланган бўлиб, замонавий раҳбар кадрлар салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси тингловчиларининг буюк мутафаккир Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Мирзо Бобурнинг “Бобурнома” тарихий асарларини мутолаа қилишлари йўлга қўйилган. Ушбу шоҳасарлардан тингловчилар бошқарувга тарихий ёндашувлар, ахлоқ-одоб ва фазилатларни ўрганишади. Китоб раҳбарга образлилик тафаккурини оширишда, мулоқот самарадорлиги ҳамда нотиқлик маҳоратини бойитишда ёрдам беради.

Ибн Сино ва Беруний эса илм-фанни давлат қурилишидаги асосий устунлардан бири сифатида кўрдилар. Улар таълим, илм ва тарбия орқали кучли раҳбарлар шаклланиши мумкинлигини таъкидладилар. Бундай ёндашув ҳозирги кундаги интеллектуал лидерлик назарияларига ҳам асос бўлади. Янги Ўзбекистонни барпо этишда ушбу Ренессанс алломаларининг бизга қолдириб кетган адабий мероси улкан хазинадир. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур Ренессанс даврининг илм-фан ўчоғи бўлган Хоразм воҳасидаги Маъмун академиясининг модернизация қилиниши, жасорат ва мардлик тимсоли Жалолиддин Мангуберди шахсига ҳақиқий ватанпарварлик рамзи сифатида баҳо берилиши бежиз эмас.

Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий даврига келиб раҳбарликнинг инсоний, маънавий ва маданий жиҳатлари янада кенг ва теран талқин қилинган. Алишер Навоий асарларида раҳбар халқнинг руҳий эҳтиёжини тушунадиган, унинг қалби билан мулоқот қила оладиган шахс сифатида акс эттирилгани бугунги замонавий раҳбар кадрларимизни мушоҳадага ундайди.

Мирзо Улуғбекнинг расадхонаси, у ерда ўз даврининг етук олимлари билан бирга олиб борган изланишлари раҳбарнинг илм-фанга, таҳлил ва тадқиқотга қанчалик аҳамият бериши зарурлигини кўрсатади. Заҳириддин Бобур, Шарафиддин Али Яздий, Алишер Навоий ва Амир Темур каби мутафаккирларнинг асарлари нафақат билим манбаи, улар бизга кенг қамровли, стратегик ва ахлоқий фикрлашни ўргатади. Мазкур китоблар архивдаги эски ёдгорликлар эмас, балки бугунги кунда ҳар бир лидер ўзлаштириши лозим бўлган амалий қўлланмалардир.

Ушбу даврда раҳбарлар учун қўлланма сифатида хизмат қилган “Сиёсатнома” асарида Низомулмулк тажрибали, амалиётчи раҳбар сифатида намоён бўлади. Унинг асардаги кўрсатмалари давлат бошқаруви, армияни ташкил этиш, солиқ тизими ва ташқи сиёсат юритишга оид аниқ ва самарали стратегиялар тўпламидир. “Сиёсатнома”да назарий мулоҳазаларга ўрин йўқ, фақат ҳаётда ишлайдиган, бугунги кунда ҳам долзарб бўлган бошқарув воситалари берилган. Масалан, у эътироф этган мустақил суд тизимига эга бўлган кучли маъмурий бошқарув, молиявий очиқлик ва шаффоф назорат Қояси XXI аср ислоҳотлари учун ҳам намуна бўла олади.

Глобал муаммолар юзага келаётган бир пайтда замонавий етакчилар олдидаги энг катта вазифа — инқирозлар шароитида самарали бошқарувни таъминлаш ва барқарорликни сақлаш. Ана шундай шароитда бошқарув санъатига бағишланган мумтоз асарларга мурожаат қилиш ўта муҳимдир.

“Бобурнома” асарини мутолаа қилар эканмиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарида нафақат ҳаётидаги воқеаларни, балки ички курашларини, шубҳаларини, ўзини ҳукмдор сифатида излаш жараёнини ҳам тасвирлаганини англаймиз. Бундай ажойиб самимият билан ёзилган иқрорнома шунчаки етакчи эмас, балки ҳақиқий инсон бўлган ҳукмдорнинг синовлар билан тўлган ҳаёт йўлини кўрсатади.

“Темур тузуклари”да баён этилган қатъий интизом ва стратегик режалаштириш элементлари эса нафақат тарихий воқеликни, балки Темурнинг давлатни қандай маънавий ва ахлоқий устунлар асосида қурганини намоён этади. Айни пайтда, мазкур асар бизга давлат бошқарувининг амалий моделини ҳам тақдим этади. Темурнинг тизимли ёндашуви, ресурслар тақсимоти ва бошқарув борасидаги масъулият масаласи бугунги замонавий трансмиллий компаниялар фаолияти билан ўхшашлик касб этади. Темур қўллаган ёндашув давлатни фақат куч билан эмас, балки механизм сифатида бошқариш қобилияти намунасидир.

Замонавий дунёда ахборот оқимлари инсонни ўраб олган, ҳақиқат билан ёлғон ўртасидаги чегаралар ўчиб бораётган бир пайтда етакчиларга мустаҳкам ва ишончли компас зарур. Бундай мураккаб ва зиддиятли воқеликда йўл топиш учун айнан анъанавий бошқарув асарлари компас вазифасини ўтайди. Улар бизга абадий қадриятлар — ҳакимлик, адолат, масъулият ҳақида эслатади. Бундай қадриятлар замон таъсирига бўйсунмайди ва ҳар қандай самарали ҳамда ахлоқий етакчиликнинг асоси бўлиши лозим.

Инновациялар бир-бирини калейдоскоп сингари алмаштираётган бугунги шиддатли замонамизда аксарият ҳолларда ўтмишнинг абадий аҳамиятга молик донишмандона қадриятларини унутамиз. Шарқ мутафаккирларининг асарлари етакчилик, бошқарув ва инсон табиати ҳақидаги тирик билим манбаи. Улар барқарор жамиятлар, адолатли компаниялар ва илҳом берувчи жамоалар қуриш сари олиб борувчи компасдир.

Юз йиллар аввал ёзилган мазкур асарларда ўзининг долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайдиган саволларга жавоб топамиз: Етакчи бўлиш нима дегани? Ҳокимиятни яхшиликка қандай йўналтириш мумкин? Принциплардан воз кечмай туриб, қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкин?

“Бобурнома”, “Зафарнома”, “Темур тузуклари” каби асарлар етакчиликнинг кўп қиррали моҳиятини очиб беради. Улар ҳақиқий куч авторитаризм ёки зўравонликда эмас, балки адолат, билим ва масъулиятда эканини кўрсатади.

Шу боис давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев учинчи Уйғониш даври ва янги Ўзбекистон ўтмишдаги икки буюк Ренессанс ғоялари асосида барпо этилишини таъкидлайди.

Бугунги кунда рақамли бошқарув орқали электрон ҳукумат тизимини яратиш, сунъий интеллект ва илғор технологиялар ёрдамида хизматлар кўрсатиш, давлат органлари фаолияти натижадорлигини мониторинг қилиш ва жамоатчиликка ҳисобот бериб бориш, инновацион ёндашув орқали стратегик режалаштириш ва замонавий менежмент тамойилларидан фойдаланиш, иқтисодий ўсиш, экологик мувозанат ва ижтимоий адолатни уйғунлаштириш замонавий бошқарувда самарадорликка эришишнинг муҳим омили сифатида кўрилмоқда.

Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Эстония дунёда энг ривожланган электрон ҳукумат тизимини, Швеция ва Норвегия коррупцияга қарши самарали очиқ бошқарув тизимини барпо этган. АҚШда инновацион бошқарув йўлга қўйилганлиги, жумладан, давлат-хусусий шерикликни амалга оширишда “Smart” технологиялардан фойдаланилиши, Сингапурдаги қатъий стратегик бошқарув, Хитой, Япония, Жанубий Кореядаги юқори самарадорликка эга технологик ёндашувлар ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда. Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси билан мазкур давлатлардаги бошқарув тажрибаларини ўрганиш учун ҳамкорликлар кенг йўлга қўйилганлиги раҳбар кадрлар тизимида билим ва тажрибалар алмашишга ҳамда уларни кенг амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Жасур САЛИҲОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?