Қуёш панелларидан ҳам хонадон чароғон, ҳам оила бюджети фаровон

16:20 20 Февраль 2025 Иқтисодиёт
260 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Катта сармоя, ишчи кучи талаб этмайдиган, шу билан бир қаторда, барқарор даромад келтириб турадиган лойиҳалар ҳамиша ва ҳаммани қизиқтириши турган гап. Қуёш панелларини ўрнатиб, ундан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам аслида ана шундай лойиҳалар сирасига киради.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари, дастурлар асосида соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Аҳоли, корхона ва ташкилотларнинг истеъмолдан ортиқча электр энергиясини давлатга сотишини таъминлаш учун зарур тизим шакллантирилди. Ўз навбатида мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, қуёш панелларини ўрнатиш орқали нафақат хонадонини арзон электр энергияси билан таъминлаётган, балки ортиқча электр манбаини давлатга сотиб, даромад олаётган оилалар ҳам бор.

— Қуёш панелларининг самарасини аввалдан биламан, — дейди Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласида яшовчи тадбиркор Дилшод Кичкинаев. — Олдин бир-иккита объектларимизга кичик қуёш панелларини ўрнатиб, қўшимча электр манбаига эга бўлгандик. Жорий йилда 90 миллион сўм маблағ эвазига хонадонимга кунлик 20 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини берадиган қуёш панелларини ўрнатдим. Ҳар ой электр энергияси тўлови учун сарфлайдиган пулларим ёнимга қолаётгани, давлатга сотаётган электр энергияси учун ойма-ой маълум миқдорда даромад келаётганини ҳисобга олсак, қуёш панелларининг самараси дарров сезилади. Энди ҳовлидаги хўжалик бинолари томига ҳам яна камида 20 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиб, давлатга сотадиган электр энергияси ҳажмини оширмоқчиман.

Дилшод Кичкинаев қуёш панеллари хонадон учун ҳақиқатан ҳам самарали электр манбаи экани, бироқ уни харид қилиш ва ўрнатишда сифатга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Чунки бугун бозорда сифатсиз қуёш панеллари ҳам, уни ўрнатиб беришда «қўлдан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида иш кўрадиган хизмат кўрсатувчилар ҳам йўқ эмас.

Мавзуни ўрганиш давомида миллионлаб маблағ сарфлаб хонадонига қуёш панеллари ўрнатган, бироқ айни пайтда ундан фойдалана олмаётганларнинг дарду ҳасратига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Мамлакатимизда аҳолининг қуёш панелларидан фойдаланишини оммалаштириш учун аввало, қуёш панелларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш бозорида рақобатни янада ривожлантириш, бу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари олдига маҳсулот ва хизмат сифати бўйича аниқ талаблар қўйиш зарур бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер