Қувасойнинг харидоргир мевалари

12:25 22 Октябр 2025 Жамият
245 0

Қувасой боғларида мевалар шарбатга тўлиб пишди. Шаҳарнинг ҳар бир ҳудудида мевалар йиғиб-териб олиниб, баракаси сарҳисоб қилинмоқда. Айни пайтда Қувасойда 6800 гектарга яқин мевали боғлар бор. Бу соҳага қаратилган эътибор ва рағбат туфайли 1500 гектар янги, интенсив боғлар ташкил этилди. Ўз навбатида 1600 гектар ердаги кам ҳосил ва самарасиз боғлар замонавий мезонлар асосида янгиланди. Еттита мевани қайта ишлаш корхоналари иш бошлаган бўлса, 18 та тадбиркорлик субъекти экспорт фаолияти билан шуғулланмоқда. Мева-сабзавот сақлашга мўлжалланган 25 та музлатгичли омборхоналар бунёд этилди.

— Бугун илм-фан асосида янгича ёндашув бўлмаса, даромад камаяверади, — дейди “Қувасой Нодиржон” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Маматхалилов. — Натижада жаҳон бозоридаги рақобатда ютқазиб қўямиз. Шу боис кейинги йилларда қувасойлик миришкорлар томонидан олма, гилос, шафтоли, ўрик, малина, қулупнайнинг экспортбоп ўнлаб янги навлари маҳаллийлаштирилди. Боғдорчилик хўжалигимизда ҳам 11 гектар ерда интенсив усулда гилос етиштирилиб, Европа, Осиё ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Иш жараёни энг илғор агротехнологиялар асосида олиб борилади. Боғда тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.

Абдухалил Маматхалилов Қувасойда тажрибали боғбонлар сулоласининг муносиб вакили сифатида танилган. Айни пайтда нуроний ёшда бўлишига қарамай, отахон ёш боғбонларга ҳаётий ўгитлар беришдан чарчамайди.

– Ҳозир илм-фанга суянмаган деҳқоннинг бири икки бўлмайди, – дейди тажрибали боғбон Абдухалил ота. – Шунинг учун боғдорчилик бундан буён шунчаки меҳнат эмас, катта билим, тадбиркорлик ва интилувчанликни талаб этмоқда. Буни вақтида англаб етган ютади, англамаган ютқазади.

    Шаҳарнинг “Сўфон” МФЙ ҳудудидаги “Кўпайсинобод” кўп тармоқли фермер хўжалигига келган киши бу ерда етиштирилаётган турли-туман меваларни кўриб, боғбон меҳнатига тасанно айтади. Интенсив усулда яратилган боғларда ўрик, шафтоли, беҳи, олма, олхўри, нок каби дарахтлар баравж ривожланмоқда. Уларнинг асосий қисми ҳосилга кирган.

      —Ўн уч гектар ер майдонида 30 хилга яқин мевали дарахтларни парваришлаяпмиз,— дейди фермер хўжалиги раҳбари Шокиржон Қораев. — Илмнинг фойдасини қарангки, эски мевали дарахтлар ораси анчайин кенг бўлса, интенсив усулда эса уларнинг оралиғи 1-1,5 метрни ташкил қилади. Яъни 1 гектар майдонда 200-250 эмас, 1500-1700 тупгача ниҳол ўтқазилди. Натижада боғдан олинадиган ҳосилдорлик 3-4 баробар юқори бўлмоқда. Бу дарахтларга баҳорги-кузги ишлов бериш, буташ, дорилаш, ҳосилни йиғиштиришда ҳам жуда қулай.

      Боғбон серҳосил ва мевалари харидоргир бўлган пакана ҳамда ярим пакана навларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратган. Шу сабабли “V” шаклда сўритокларга боғлаб чиқилган олма ниҳоллари тез муддатда мевага кирди.

      Ота мерос касбни меҳр билан давом эттираётган боғбоннинг таъкидлашича, бугун дунё бозорида меваларнинг фақат таъми эмас, шакли, ранги, тиниқлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, пакана дарахтларни кўпроқ экиш тавсия этиляпти. Бундай навли ниҳолларнинг айрим турлари экилган йилнинг ўзидаёқ мева беради. Баланд бўйлиларда эса бу жараён 4-8 йилгача чўзилади. Шунинг учун кўчатларни экишда уларнинг ҳосилдорлигидан ташқари, бозоргирлигига ҳам эътибор бериш керак. Эътиборлиси, аксарият навларни маҳаллий пайвандтагларга боғбоннинг ўзи улаган. Бу йил 300 миллион сўмга яқин даромадни олишни кўзлаб турибди.

“Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди қир-адирлар бағрида жойлашган. Бу ердаги аҳоли учун асрлар давомида боғдорчилик асосий тирикчилик манбаи бўлиб келяпти. Бу ерда 18 та боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги фаолият юритади.

— Ҳудудда 5,5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Боғбон” МФЙ раиси Солижон Раҳматуллаев. — Маҳалланинг асосий драйвери – боғдорчилик. Ҳар бир оиланинг олма, гилос, шафтоли, ўрик, беҳи, хурмо, нок, анор боғи бор. Маҳаллада кейинги йилларда Италия тажрибаси бўйича йилига икки маротаба малина етиштириш ҳамда Жанубий Корея тажрибаси асосида йил мобайнида қулупнай парваришлаш жадал ривожланди. Бу орқали ҳар йили ўртача 150-200 миллион сўмгача даромад олаётган оилалар сафи тобора кўпайиб бормоқда.

Боғдорчилик ривожи туфайли тармоққа саноатни олиб киришга бўлган қизиқиш ҳам кучаймоқда. Яқинда “Пакана” МФЙ ҳудудидаги "Қўқон" эркин иқтисодий зонаси Қувасой филиалида "Marwin fruitline" МЧЖ томонидан мевани қайта ишлаш ҳамда қуюлтирилган табиий шарбат ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона ишга туширилди.

Корхонага 14 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб Швейцария ва Италиядан технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳозирда 115 миллиард сўм, келгусида 150 миллиард сўмга етиши режалаштирилган. Маҳсулотларнинг 80 фоизини экспортга чиқариш кўзда тутилмоқда. Корхонада йилига 70-80 минг тонна барча турдаги меваларни қайта ишлаш имкониятига эга. Айни пайтда 120 та иш ўрни яратилган бўлиб, яқин истиқболда ушбу кўрсаткич 500 тага етказилиши мақсад қилинган.

Айни пишиқчилик мавсумида ҳамма маҳсулотни ҳам хорижга ёки ички бозорда тўлиқ сотиш имконияти мавжуд эмас. Бу каби замонавий корхоналар ишга тушиши мева-сабзавотни қайта ишлаш орқали унинг қиймати йўқолишининг ҳам олди олинишида муҳим аҳамият касб этади. Боғбонларнинг манфаатдорлигини оширади. Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида 50 минг гектардан ортиқ мевали боғ, 10 минг гектарда узумзор, 25 минг гектарда сабзавот экинлари парваришланади. Йилига 2-3 минг гектаргача янги боғлар ташкил этилади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер