Қува туманида агрохизматлар маркази иш бошлади
Қува туманида замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатишга мўлжалланган агрохизматлар маркази ишга туширилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча хизматлар бир жойда жамланишига эришилди.
Бу ерда аҳоли томорқаси, деҳқон ва фермер хўжаликлари учун кимёвий воситалар, маҳаллий ва минерал ўғитлар етказиб берилишини таъминлаш, илмий-амалий тавсиялар бериш ҳамда кенг кўламли хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, марказда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, техника воситалари савдоси, кунлик ижара хизмати ҳам ташкил этилган.

—Айни пайтда хориждан лаборатория жиҳозлари олиб келиб ўрнатиш орқали томорқа экинлари, мева-сабзавотлар, уй ҳайвонлари касалликларини аниқлаш ва унга қарши самарали курашиш бўйича хизмат кўрсатиш фаолиятини шакллантириш ҳам кўзда тутилган,—дейди Фарғона вилояти агрохизматлар маркази директори ўринбосари Омадбек Раҳимов.—Шу билан бирга, марказда юртимиздаги ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлар олимлари томонидан яратилган янги маҳсулотлар ва технологиялар, минерал ўғитлар, амалиётга жорий этилаётган илмий ишланмаларнинг доимий кўргазмасини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Марказ учун туманнинг “Хонобод” МФЙ ҳудуди танлангани бежиз эмас. Хонободликлар нафақат туманда, балки Фарғона водийсида боғдорчилик ва деҳқончиликдаги миришкорлиги билан танилган. Айни жиҳатларни инобатга олиб, марказда илмий-амалий ишланмалар учун ўзига хос тажриба майдони яратиш мақсад қилинган. Бу ерда мавсумга қараб мевали ва манзарали дарахтлар, сабзавот ҳамда полиз кўчатлари савдо йўлга қўйилади. Умуман олганда, йил мобайнида мева-сабзавотлар кўргазмаси ҳамда савдоси учун қулай майдон яратилади.

—Ҳозирча ушбу янги ташаббус тажриба лойиҳаси сифатида амалиётга жорий этилди,—дея суҳбатимизни давом эттиради О. Раҳимов.—Янги лойиҳа амалий натижа ва самарасига қараб, яқин истиқболда Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда. Янгича ёндашув томорқа ер эгалари, боғбонлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда соҳа олимлари ўртасидаги самимий ҳамкорликни бугунги давр талаби бўйича ривожлантириш имконини беради.

Бу борада буюртма асосида бевосита жойига чиққан ҳолда тезкор ва сифатли мобиль хизматлар кўрсатиш, кўчат танлаш, экиш, илғор агротехнологиялар ёрдамида ишлов бериш ҳамда экспортгача бўлган барча жараённи қамраб олиниши режалаштирилаётгани ҳам эътиборга молик.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг