Қуролли Кучлар академиясида “Ёш ҳарбийлар форуми” бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Ёшларимиз маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари” мавзусида “Ёш ҳарбийлар форуми” ташкил этилди. Унда видеоселектор тарзида ҳарбий қисм ва муассасалар вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.
Форумда ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий соҳага оид инновацион ғоялари ва ишланмалари кўргазмаси, ёш ҳарбий адиб ва шоирлар томонидан ўзлари чоп этган китоблар ва шеърий тўпламлар тақдимоти, “Ёшлар кутубхонаси” ҳамда “Мард аскарга совға” рукни остида нашр этилган бадиий адабиётлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаб бошлиғи генерал-маёр Шуҳрат Холмуҳамедов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Темурбек Поёнов, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларидаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, ёш ҳарбий хизматчилар, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари иштирок этишди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Форумда мудофаа вазирининг ёш ҳарбийларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Форум давомида “Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар томонидан 2023-йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи тингланиб, Мудофаа вазирлиги қўшинларида 2023-йилда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тайёрланган ҳисобот видеоролиги намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Темурбек Поёнов ҳамда ўз мутахассислиги бўйича юқори чўққиларига эришган ёш ҳарбий хизматчилар ҳам сўзга чиқдилар.
Форумда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаб бошлиғининг ёш ҳарбийлар билан жонли савол-жавоб тарзидаги мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир якунида буюк аждодларимиз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Тўмарис ҳамда жадидчилик ҳаракати намоёндаларининг ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий чиқишлар ҳамда истеъдодли ёш ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган консерт дастури намойиш этилди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Ёш ҳарбийлар Форуми”да Қуролли Кучлар академиясида 1 000 нафар, видеоселектор тарзида ҳарбий қисм ва муассасаларда 10 мингдан ортиқ ёш ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг