Қурбон ҳайити – шукроналик ва меҳр-мурувват байрами

Меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи – муборак Қурбон ҳайити юртимизда кенг нишонланмоқда. Ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқларда янада файзли ва мазмунли ўтаётгани кўнгилларни шукуҳга тўлдиради. Ушбу муқаддас байрам моҳиятида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик мужассам. Бунинг исботи сифатида узоқ-яқин ҳудудларимизга чинакам байрам кайфиятини улашаётган, инсон қадрини улуғлашдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган азиз юртдошларимизга юзланамиз.
* * *
Қорақалпоғистон Республикасида Қурбон ҳайити катта шоду хуррамлик билан кутиб олинди. Нукус шаҳридаги Имом эшон Муҳаммад жоме масжидида ҳайит намози ўқилди.
Бундан ташқари, шаҳар ва туманлардаги йирик зиёратгоҳлар ва 50 дан ортиқ жоме масжидларида ҳам Қурбон ҳайити намози адо этилди. Уларда жами, 20 мингдан ортиқ киши иштирок этди.
— Хўжайли туманидаги «Пирим Ийшан бобо» жоме масжиди Қурбон ҳайити намозига келганлар билан янада файзли бўлди, — дейди нуроний Таваккал Абдухалиқов. — Бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳи чуқур ҳис этилиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтилди.
Байрам тадбирларида дин вакиллари, ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида муқаддас динимизни улуғлаш, унинг олий фазилатларини тарғиб қилиш, халқимизнинг диний билимларини ошириш, масжид ва мадрасалар, диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар хусусида гапириб ўтди. Кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, ҳайит ҳадялари тарқатилди.
* * *
Кейинги йилларда Андижон вилоятида миллий ва диний қадриятларимизни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлиги таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мавжуд дам олиш масканлари, маданият ва истироҳат боғлари тартибга келтирилиб, зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Қурбон ҳайити намози вилоятдаги 179 та жоме масжиди ҳамда «Сайид Муҳйиддин маҳдум» ўрта махсус ислом билим юртида ўқилди.
Нуронийлар муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди. Мўътабар ота-оналар, қариндош-уруғлар, ёру биродарлар бир-бирларини йўқлашди. Кўмак ва ёрдамга муҳтожлардан хабар олиш саховатпеша инсонларнинг ҳам эзгу амалига айланди.
— Жамоамиз билан биргаликда Андижон туманидаги «Меҳрибонлик уйи»га бордик, — дейди сартарош Машҳурбек Каримов. — Болажонларга бепул хизмат кўрсатдик. Кўнгилочар дастурлар уюштирдик. Ҳайит айёми чинакам меҳр-оқибат, шодлик байрамига айланди.
Айни пайтда вилоятнинг барча дам олиш жойларида байрам шукуҳи давом этмоқда.
* * *
Муҳаммад Наршахийнинг ёзиб қолдиришича, Бухоро машҳур аллома Абу Ҳафз Кабир туфайли IX аср бошларида «Қуббатул Ислом» – «Ислом динининг гумбази» номига мушарраф бўлган. Бу гўшада диний айёмларни нишонлаш, ҳайит намозини ўқиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун шарафдир.
— Бухорода юзлаб мусулмонлар ҳайит намозини ўқиб, эл-юртимиз билан бирга Қурбон ҳайитига тинч-омон етказгани учун Яратган чексиз шукроналар айтди, — дейди Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги жомеъ масжид имом-хатиби Ғофуржон ҳожи Раззоқ. — Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли 700 йиллик тарихга эга Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси ўзининг асл кўринишига қайтмоқда. Яқингача қаровсиз ҳолатда турган Тоқи миёна дарвозаси, қадимий йўлак қайта тикланди. Хайрия мақсадида қурилиб, вақф қилинган Дониёлбий мадрасаси ўз ўрнида қад ростлади. Меъморий мажмуада муқаддас ислом дини буюрган ибодатларни бажариш учун барча шароитлар етарли.
Бугун вилоятдаги 105 та жомеъ масжидда ҳайит намози ўқилди. Қурбон ҳайити муносабати билан меҳнат фахрийлари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари томонидан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
* * *
Жиззах вилоятининг «Қўшчинор» жоме масжидида ўқилган Қурбон ҳайит намозида вилоят бош имом хатиби Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизнинг барча мусулмонлари ва Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги хусусида тўхталиб ўтди. Ҳайит намози 42 мингдан ортиқ жиззахлик намозхонлар билан вилоятдаги 169 та жоме масжидида бир вақтда адо этилди.
Диққатга сазовор жиҳати, Давлатимиз раҳбари топшириғи билан бугун саҳар соат 3:00 дан соат 10:00 гача барча жамоат транспортлари фуқароларга бепул хизмат кўрсатди. Йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, намозхонларнинг саломатлигини назорат қилиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари ва бошқа мутасаддилар беминнат хизмат кўрсатишди. Бу хайрли ишлар самарасида Қурбон ҳайити намозини жиззахликлар жамоат бўлиб, осойишталикда ўқиш бахтига муяссар бўлишди.
* * *
Бир синиқ кўнгилни кўтариш Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани ҳақида барчамиз Алишер Навоийнинг бебаҳо мисралари, яъни: «Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай» деганларини яхши биламиз. Бугун миллионлаб навоийликлар қалби ҳам шундай қувончга тўлди.
Хусусан, вилоятдаги Қосим шайх, Мавлоно ориф Деггароний, Қилич ота, Тошмасчит, Оқмасчит, Қанарбой ота, зиёратгоҳлари, Нурота чашмаси мажмуаларида ҳайит сайли ўтказилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилди.
Карманадаги Қосим шайх ва Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги жами, 70 га яқин жоме масжидларида саодатли кунлар ибодати адо этилиб, эл-юртга тинчлик, осойишталик сўралди.
* * *
Наманган вилоятидаги шаҳар ва қишлоқларда нишонланаётган Қурбон ҳайити байрамида юртимиздаги тинчлик, осойишталик, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг шукуҳи уфуриб турибди. Яхшиликка, савоб ишларга чорлайдиган муқаддас айёмда вилоятдаги 188 та жоме масжидида ҳайит намози ўқилди.
— Ийди Қурбон чинакам хайр-саховат айёми. Буни наманганликлар эзгу амаллар билан кутиб олишди, — дейди Ўзбекистон Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Чуст туман бўлими раҳбари Жўрахон Мираҳмедов. — Байрам арафасида ҳокимият, корхона ва ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари билан ногирон, якка ёлғиз қариялар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар истиқомат қилаётган 174 та хонадонга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат туҳфалар билан кириб борилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари туман кенгашининг қарори билан ҳудудлардаги 380 нафар фуқарога дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратилди. Айём жойларда ўтказилган бошқа кўнгилочар тадбирлар билан янада мазмунли кечмоқда.
* * *
Азалдан Қурбон ҳайитидаги байрамларнинг энг улуғвори Самарқанддаги масжидларда ўтказилган. Қурбон ҳайитида мусулмонлар ўзлари хоҳлаб, навбатма-навбат уйларида байрам зиёфатлари уюштирган. Унга барчани таклиф қилган. Қаердан таклиф бўлса, зиёфатларга борган. Анъанага мувофиқ, бугун ҳам Самарқанд вилоятидаги 285 та жоме масжидида Қурбон ҳайити намози адо этилди.
Ҳайит намозида ушбу муқаддас айём тарихи, юртимизда маънавий қадриятларимизни юксалиши йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Намоздан сўнг юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимиз дастурхонига тўкинлик, деҳқонларимиз далаларига барака сўраб дуолар қилинди.
Айниқса, Самарқанд шаҳридаги «Намозгоҳ» жомеъ масжидида ўқилган Қурбон ҳайити намози кўнгилларга ўзгача шукуҳ бағишлади. Унда вилоят ҳокими иштирок этиб, жамоатни ва улар орқали бутун вилоят аҳлини Қурбон ҳайити айёми билан қутлади.
* * *
Сирдарё вилоятида ҳам Қурбон ҳайити тинч, тартибли, намунали ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Эрта тонгданоқ ҳокимлик билан бир гуруҳ нуронийлар Сирдарё туманидаги «Мурувват» уйида даволанаётган эътиборга муҳтож хотин-қизлардан хабар олишди.
— Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами, — дейди Ширин шаҳар хотин-қизлар фаоли Мавлуда Собирова. — Арафа ва ҳайит кунлари беморлар йўқлагани қанча кўнгилларни хушнуд қилди. Ижтимоий ҳимоя ва меҳрга муҳтож кишиларга улашилган хайр-эҳсонларнинг ҳисобига етиб бўлмайди.
Ҳайит намози вилоятнинг турли ҳудудларидаги 75 та жоме масжидида адо этилди. Намозхонларнинг ушбу муборак ибодатни бажаришлари учун барча шароитлар яратилди.
* * *
Қурбон ҳайити Сурхондарё вилоятида шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида бошланди. Вилоятдаги 130 та жоме масжидида ҳайит намози ўқилди. Унда минглаб воҳаликлар саодатли кун ибодатини адо этди.
Хусусан, Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий жоме масжиди эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди. Ҳайит намозида Сурхондарё вилояти ҳокими ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, халқимизни Қурбон ҳайити билан табриклади.
Айни пайтда сурхондарёлик 768 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида муборак Ҳаж зиёратини амалга оширмоқда. Дин масъуллари томонидан айём арафасида ҳомийларни жалб этган ҳолда жойларда ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларидан хабар олинди. «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларига зиёратлар ва хайрия тадбирлари уюштирилди.
* * *
Муборак Қурбон ҳайити намози Тошкент вилоятидаги 200 дан ортиқ жоме масжидларга ташриф буюрган 500 мингга яқин фуқаролар томонидан адо этилди. Ушбу айёмга юксак тайёргарлик кўрилгани шаҳар ва қишлоқ кўчаларининг ободлиги ва озодалигидан ҳам кўриниб турибди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жойларда бир қатор хайрия тадбирлари ўтказилди.
Тошкент вилоятидаги азиз авлиёлар мақбаралари зиёрат этилди. Аслида Ҳайит байрамидан бир неча кун олдин бошланган бу эзгу амаллар «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларига бориш билан янада қизғин тус олди. Ҳомийлар, саховатпешалар билан ҳамкорликда ёлғиз яшовчи кексалар, беморлар, ногиронлар, ижтимоий ҳимоя муҳтож оилалардан хабар олинди. Бир сўз билан айтганда, кимнинг нимага эҳтиёжи бўлса, имкон қадар кўмаклашилди. Байрам тадбирлари маҳаллаларни ободонлаштириш, камбағаллик даражасини камайтириш масалалари билан уйғунлашиб кетди.
* * *
Фарғона вилоятида эзгулик тадбирлар доирасида 100 минг нафарга яқин кам таъминланган оилалар холидан хабар олинди. Уларга байрам совғалари улашилди. Ўз навбатида, вилоятдаги 4 та «Саховат» уйига 17 миллион сўмлик кийим-кечак ҳамда озиқ–овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, 60 нафар Иккинчи жаҳон уруши, меҳнат фронти фахрийлари, ўзгалар парваришига муҳтож нуронийларга кундалик зарурий маҳсулотлар етказиб берилди.
— 193 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилиши учун қулайлик яратиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Зокиржон Ҳакимов. — Бу 400 минг нафар ҳамюртларимизга ҳайит намозини уйларига яқин ва қулай масжидда ўқиш имконини берди.
Ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, эҳтиёж туғилганда кўмаклашиш учун вилоят ИИБ, Миллий гвардия хизматчилари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси фаоллари хизматга жалб этилди.
* * *
Хоразм вилоятида байрам арафасида катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Айниқса, муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, қабристонларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Маҳаллалар, кўча ва хиёбонлар янада обод ва кўркам қиёфа касб этди.
— Қурбон ҳайити қалбларни поклайдиган байрам, — дейди Боғот туманида яшовчи меҳнат фахрийси Истат Нуруллаева. — Мамлакатимизда виждон ва диний эътиқод эркинлигининг ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганлиги туфайли юртдошларимиз ибодатларни эмин-эркин адо этиб, ҳайит байрамларини кенг нишонлаш бахтига мушарраф бўлмоқда. Бу йил бир гуруҳ юртдошларимиз сафида муборак Умра зиёратини адо этиб қайтдим. Айни кунларда юртдошлармизнинг катта бир гуруҳи муборак Ҳаж зиёратида бўлиб туришибди. Халқимизга ана шундай имкониятларни яратиб берган муҳтарам Президентимиздан, давлатимиздан миннатдормиз!
Эрта тонгда вилоятдаги жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олинди. Қурбонлик гўштлари тарқатилиб, ҳомийлар томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳайит қувончи ҳар бир хонадонга кириб борди.
* * *
Қашқадарё вилоятидаги 190 дан ортиқ жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди. Вилоят аҳли Ҳайит байрамини тинч осуда, фаровон кунларга шукрона келтириб, эмин-эркинликда нишонлади.
— Вилоятимизнинг барча ҳудудларида Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар кўпмиллатли халқимиз ўртасида меҳр-мурувват, оқибат, бирдамлик, аҳиллик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакили, вилоят бош имом хатиби Раҳматилло Усмонов. — Динимизнинг муҳим амалларидан бири – Ҳаж ибодатини адо этишга кенг йўл очилгани юртдошларимизнинг бу борадаги орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Давлатимиз томонидан уларнинг эмин-эркин ибодатни тўлиқ адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат қайтиб келиши учун барча шароит яратиб берилмоқда. Бугунги фазилатли кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори вилоятимиздан ҳам 801 нафар зиёратчи Ҳаж амалларини адо этиш мақсадида Макка шаҳрида бўлиб турибди. Улар Ҳаж ибодатини адо қилиш билан бирга, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон, мамлакатимиз яна ривож топиши ҳақида дуо қилмоқда.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг