Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум ўтказилмоқда
Фото: Ақорда
Қозоғистонда бугун, 15 март куни янги Конституцияни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилмоқда. Ушбу референдумни ўтказиш тўғрисидаги фармонни президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2026 йил 11 февралда имзолаган.
Мамлакат бўйлаб 10 мингдан зиёд сайлов участкаларида ташкил этилган овоз бериш жараёнида фуқаролар янги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ёки рад этиш масаласи бўйича ўз позициясини билдирмоқда. Ушбу янги ҳужжат давлат бошқарув тизимини модернизация қилиш ва сиёсий институтларни ислоҳ қилишга қаратилган.
«Kazinform» маълумотига кўра, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга сайловчилар сони 12,4 миллиондан ортиқни ташкил этмоқда. Агар янги Конституция референдумда қабул қилинса, уни қабул қилинган сана Қозоғистон Конституцияси куни сифатида белгиланиши мумкин.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам янги Конституция лойиҳаси бўйича ўтказилаётган умуммиллий референдумда овоз берди. Ақорда хабарига кўра, давлат раҳбари Остона шаҳридаги Болалар саройида жойлашган 51-сайлов участкасида овоз бериш жараёнида иштирок этган.
Овоз берганидан сўнг президент маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди. Тоқаев ўз чиқишида мазкур референдум мамлакат тараққиёти учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Конституция фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи тарихий ҳужжат ҳисобланади. Янги Конституция мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Президент шунингдек, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Конституция ўз вазифасини бажарганини, аммо вақт талабидан келиб чиқиб янги Асосий қонун қабул қилиш зарурияти туғилганини қайд этди.
Тоқаев янги Конституция лойиҳасини тайёрлашда шахсан иштирок этганини, жумладан, муқаддима ва айрим моддалар матнини шахсан таклиф қилганини билдирди. У янги Асосий қонун мамлакат ва унинг келажаги манфаатларига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Маълум қилинишича, президент брифинг давомида конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек халқаро кун тартибига оид қатор саволларга жавоб берган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг