Қўштепада уч эгизак туғилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қўштепа туманининг “Сой бўйи” МФЙда истиқомат қилувчи 88 ёшли Турсунбой Тожибоевлар сулоласи эгизак фарзандлари билан машҳур.
Турсунбой бобо набираси Асадилло Турсуновга ушбу маҳаллада эгизак фарзандлари кўплиги билан танилган яна бир оила – Усмоновлар сулоласининг қизи Муштарий Усмоновани келин қилганди. Бу оилада туғилган тўнғич қиз Шаҳноза ҳозир уч ёшда. У оиланинг ширингина эркатойи.
Шу йилнинг 18 январида Асадилло ва Муштарий бирданига уч эгизакли бўлишди. Оила нуронийлари яхши ният билан эгизакларга Розияхон, Абубакр, Робияхон исмларини қўйишди. Катта оилага бир олам қувонч олиб келган чақалоқлар бугунги кунда шифокорлар назоратида соғлом улғаймоқда.
— Бизнинг оилада ҳам, келинимнинг оиласида ҳам эгизаклар кўп, — дейди чақалоқларнинг бобоси Хайрулло Тожибоев. — Ҳозирги кунга қадар икки нафар набирам бор эди. Бирданига 5 набиранинг бобоси бўлиб, бундан беҳад қувониб юрибман.
Айтиш жоиз, бугун табаррук 88 ёшли Турсунбой ота Тожибоев кўп йиллар давомида Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмасида ишлаб, нафақага чиққан. Эгизак чевараларини кўргани борган бобо тиббиёт масканидаги замонавий шароитларни кўриб, роса қувонди. Давлатимиз ғамхўрлиги билан она ва бола саломатлигини асраш бўйича амалга оширилган эзгу ишларни олқишлади.
— Дарҳақиқат, кейинги йилларда тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги шифо масканларида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар, малакали кадрлар билан таъминланди, — дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ойбек Муродов. — Бу эгизаклар ҳам янги қуриб битказилган туғруқ комплексида туғилиб, эътибор ва ғамхўрлик оғушида улғаймоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг