Қўштепада мактабгача таълимга қамров кўрсаткичи 86 фоизга етди

13:35 29 Январь 2025 Жамият
199 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Яқин йилларгача Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида мактабгача таълимга қамров кўрсаткичи қониқарсиз эди. Бу борадаги эзгу ташаббуслар доирасида ўтган қисқа даврда туманнинг барча ҳудудларида кўплаб замонавий боғчалар бунёд этилди. Эски боғчалар мукаммал таъмирдан чиқарилди, давлат-хусусий шериклик тамойили бўйича янги таълим муассасалари фойдаланишга топширилди.

Айни жараёндаги ишлар изчил давом эттирилаётгани натижасида Инвестиция дастури асосида туманнинг “Шомирза” ва “Шаҳартепа” МФЙ ҳудудида шу кунларда 2 та замонавий боғча иш бошлади. Хусусан, 30-давлат мактабгача таълим ташкилотига 150 ўринли бино қурилиши учун 4,5 млрд. сўм, 20-давлат мактабгача таълим ташкилотига ошхона қуриш ва бинолар реконструкцияси учун 3,9 млрд. сўм сарфланди.

— Иккита замонавий боғча тўлиқ ишга тушгани натижасида туманда мактабгача таълимга қамров кўрсаткичи 86 фоизга етказилди, — дейди Қўштепа тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси Шуҳратжон Усмонов. — Бу йил яна битта боғчада Инвестиция дастури бўйича мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда “Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида битта янги боғча қурилиши режалаштирилган.

Бу туманда ушбу йўналишдаги қамровни 90 фоиздан ошириш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?