Қўштепа туманида IT ва хорижий тиллар бўйича замонавий таълим маркази ташкил этилди

10:45 12 Январь 2026 Жамият
169 0

Бугунги глобаллашув даврида ахборот технологиялари ва хорижий тилларни билиш янги авлод учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани энди ҳеч кимга сир эмас. Айни шу талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ёшларни замонавий касблар ва рақамли кўникмаларга ўргатишга қаратилган ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда.

Шу жараёнда Қўштепа туманидаги «Қийқи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Cahub» замонавий касблар академияси нафақат маҳалла ёшлари, балки IT ва хорижий тилларни ўрганишга қизиққан катта авлод вакиллари учун ҳам муҳим таълим масканига айланиб бормоқда.

Марказ ўтган йилнинг апрель ойида Ёшлар ишлари агентлигининг Қўштепа туман бўлими томонидан ажратилган бинода ўз фаолиятини бошлади. Қисқа вақт ичида академияда ташкил этилган ўқув гуруҳларида 200 нафардан ортиқ тингловчи таҳсил олди ва белгиланган йўналишлар бўйича сертификатларга эга бўлди. Бу ерда компьютер саводхонлиги, веб-дастурлаш, мобил видеография, SMM ҳамда инглиз тили фанларидан замонавий методлар асосида дарс машғулотлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда марказда фақат ўқувчи-ёшлар эмас, балки турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар ҳам ўз билим ва амалий кўникмаларини ошириш имкониятига эга. Хусусан, ўтган йил мобайнида 100 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходими компьютер саводхонлиги бўйича ўқувларда иштирок этди. Шунингдек, маҳалладаги уюшмаган ёшларни IT ва хорижий тилларга жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Назарий билимларни амалий машғулотлар билан уйғунлаштирган ҳолда ўқув жараёнлари 4 нафар малакали мутахассис томонидан олиб борилмоқда, — дейди академия менежери Баҳодиржон Турсунов. — Қўштепа туман ҳокимлиги томонидан марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 320 миллион сўм маблағ ажратилиб, 10 дан ортиқ замонавий компьютер жамланмалари тақдим этилди. Ҳозирда марказ ихтиёрида 20 дан зиёд компьютер, электрон доска ҳамда смарт телевизорлар мавжуд.

Дарс жараёнлари ва иштирокчилар фаоллиги мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Асосий мақсад — таълим олувчиларнинг бу имкониятдан унумли фойдаланиб, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишига кўмаклашишдир.

Айтиш жоиз, Қўштепа туман ҳокимлиги ташаббуси билан академияга туташ ҳудудда, катта йўл бўйида IT-шаҳарча қурилиши ҳам якуний босқичга кирган. Умумий қиймати 360 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур истиқболли лойиҳа яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер