Қўшимча таълим турлари қонунан мустаҳкамланмоқда

15:14 04 Сентябр 2025 Сиёсат
110 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенатнинг 10-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим хизматларини кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда таълим сифатини янада яхшилаш, аҳоли барча қатламларининг таълим олишга бўлган конституциявий кафолатларини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мазкур Қонун ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги ишларни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларнинг олдини олишга қаратилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Қонун билан киритилаётган асосий ўзгартириш шундан иборатки, «мактабдан ташқари таълим» атамаси илғор халқаро талабларга мувофиқ «қўшимча таълим» атамаси билан алмаштирилмоқда.

Шунингдек, «қўшимча таълим» атамасига таъриф берилиб, у болалар учун қўшимча таълим ва катта ёшдагилар учун қўшимча таълим турларига ажратилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бундан ташқари, давлат қўшимча таълим муассасалари таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Бунда болалар учун нодавлат қўшимча таълим фаолияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини, катта ёшдагилар учун эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг қабул қилиниши таълим турлари бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд номувофиқ ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Юнус Бўриев (фото), Отабек Саидаҳмадов

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?