Қўшимча қиймат – мўмай даромад

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пахтачилик соҳасида беқиёс ўзгаришлар юз берди. Кластерлар фаолияти йўлга қўйилди, пахтани хом ашё тарзда эмас, чуқур қайта ишлаган ҳолда хорижга экспорт қилиш тизими вужудга келди. Бунинг натижасида биргина Қашқадарё вилоятида “LT Textile International”, "Oqsaroy tekstil", “Bunyodkor textil”, “Sulton tex group”, “Оқсарой Vortex”, "Китоб ип йигирув" АЖ ва шу каби ўнлаб замонавий корхоналар қурилиб ишга туширилди. Хом ашёни тўлиқ ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш имкони яратилди. Ишлаб чиқариш қуввати йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Мисол учун, 2023 йилда вилоятда 3,9 минг тона пахта линти, 81,3 минг тона пахта толаси ҳамда 59,5 минг тона калава ип ишлаб чиқарилган бўлса, 2024 йилда ишлаб чиқарилган пахта линти миқдори 5,3 минг тона, пахта толаси 87,7 минг тонна, калава ип миқдори 72,2 минг тоннага етди. Ип-калава ишлаб чиқариш 85 фоизга, мато ишлаб чиқариш 35 фоизга кўтарилди. Хитой ҳар йили қарийб 27,5 миллион той пахта толаси етиштирса-да, бирор кило ҳам пахта ёки ип-калава экспорт қилмайди. Хом ашё мамлакатнинг ўзида қайта ишланиб, фақат тайёр маҳсулот ҳолидагина ташқи бозорга чиқарилади. Фақатгина пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг ортидан 300 миллионга яқин кишининг бандлиги таъминланган.
Мамлакатимизда ҳам дастлаб толани қайта ишлаш қувватларини қуриб ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Воҳада толани дастлабки қайта ишлаш қамрови юз фоизга, ип калава ишлаб чиқариш қамрови 85 фоизга, мато ишлаб чиқариш қамрови 35 фоизга етказилди.
– Вилоятимизда матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тармоғида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди, – дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили Фахриддин Азизов. – Айни пайтда вилоятда матони бўяш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони 224 тага етди. Жорий йилда 56 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилди. Ушбу давр мобайнида вилоятдаги тўқимачилик корхоналари томонидан экспорт қилинган маҳсулотлар салмоғи 140 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Эътиборлиси, бугун Қашқадарёдаги фақат тўқув-трикотаж корхоналарининг ўзида юз мингдан ошиқ киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида бутун мамлакатимизда бўлгани каби воҳада ҳам текстиль саноатида катта лойиҳалар амалга оширилди. Уларда юз минглаб инсонлар меҳнат қилмоқда, қанча-қанча оилаларнинг фаровонлиги, моддий даромадини бевосита шу корхоналарнинг барқарор ишлаб туриши ҳал қилади. Ушбу текстиль корхоналарининг “юраги” эса аввало хом ашё, яъни пахта толасига боғлиқ. Шу боис пахта хом ашёси бугун вилоят иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётида муҳим ўринга эга.
Мамлакатимиз ҳудудлари орасида Қашқадарё энг кўп пахта етиштирувчи ҳудуд ҳисобланади. Жорий йилда ҳам қашқадарёлик миришкорлар 126 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экишганди. Айни пайтда далаларда йиғим-терим ишлари авжида. Бунинг учун 200 дан ортиқ замонавий пахта териш машиналари кучидан фойдаланилмоқда. Мавсумга юз минглаб теримчилар жалб этилган. Айниқса, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 2 минг сўмдан ҳақ тўланаётгани ишсиз, уйда бўш ўтирганларни имкониятдан унумли фойдаланиб, кўпроқ даромад олишга ундамоқда. Ҳатто мавсумда 70-80 миллион сўм даромадни кўзлаб меҳнат қилаётган оилалар кўп.
– Қизим, ўғлим ва келиним билан биргаликда ҳар куни 700 килодан ошириб пахта теряпмиз, – дейди Қарши туманилик Мавлуда Жўраева. – Бу ҳар куни оиламизга ўртача 1 миллион 400 минг сўм даромад кираётганини англатади. Бугунга қадар 40 миллион сўмдан ошиқ пул ишладик. Мавсум сўнгига қадар 70 миллион сўмдан ошиб қолса керак. Бу рўзғорнинг анча-мунча кам-кўстини битириб олишга етади.
Бу йил қашқадарёлик миришкорлар 535 минг 500 тонналик улкан пахта хирмони барпо этишни мақсад қилган. Шу боис ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан тезроқ йиғиб олиш учун ҳаракат қилинмоқда. Эндиликда воҳа саноатининг драйверига айланиб бораётган текстиль корхоналарининг барқарор ишлаши, экспортбоп маҳсулотлар тури ва салмоғининг ошиши, ҳудудларнинг иқтисодий имкониятлари юксалиши айни пайтда далаларда пишиб етилган шу қимматбаҳо хом ашёга боғлиқ.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг