«Қоракўл»да 1 млрд 200 млн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади

13:26 13 Февраль 2025 Жамият
92 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда Бағдод туманидаги «Қоракўл» маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги мингдан ортиқ оила томорқадан унумли фойдаланиб, йилига ўртача икки-уч марта ҳосил олиш орқали салмоқли даромадга эга бўлади. Оилалар фаровонлигини таъминлаш мақсадида лидер тадбиркорлар белгиланиб, чорвачилик, мебелчилик, биогомус етиштириш каби йўналишларда маҳалла аҳлининг тадбиркорлиги ривожланиб бормоқда.

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ўтган йили маҳалладаги 40 та оилага 750 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб берилди. Ўз навбатида, 4 нафар лидер тадбиркорга фаолиятини янада кенгайтириш учун 100 млн сўмдан имтиёзли кредит берилишига кўмаклашилди.

«Маҳалла банкири» тамойили асосида «Миллий банк»нинг Қўқон филиали томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, янги бизнес-лойиҳаларни шакллантириш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

— Бу йил 1 млрд 200 млн сўмлик 40 та лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган, — дейди «Қоракўл» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Ёдгорали Абдулғозиев. — Натижада йил якунига қадар ҳозирда камбағал оила реестрида турган 49 та маҳалладошимизнинг ушбу рўйхатдан чиқиши таъминланади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда маҳалладаги лидер тадбиркор Мўминжон Тожиматов ўз хонадонида ва ижарага ер олиб, 140 бош қорамол, 30 бош от парваришлаб келмоқда. Бекмурод Абдураҳмонов эса яшаш уйи томорқасида биогомус етиштиради. Бу оилаларнинг йиллик даромади ўртача 80-150 млн сўмни ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?