Қўқонда замонавий ёндашув асосида бозорлар рақамлаштирилмоқда

12:12 24 Октябр 2025 Жамият
307 0

Бугунги юксак технологиялар даврида рақамли трансформация жараёни бозорлар фаолиятига ҳам кенг жорий этилаётгани эътиборга молик.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов Қўқон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида савдо расталаридан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш, бозорда кўрсатилаётган хизматлар ва бошқа тўловларни рақамлаштириш, очиқ ва шаффоф тизим яратиш борасида эришилган натижалар билан танишиб, масъуллар билан мулоқотда бўлди.

— Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ўтказилган йиғилишда бу борада устувор вазифалар белгилаб берилди, — дейди Қўқон шаҳар Марказий деҳқон бозори менежери Илҳом Усмонов. — Айни жараёнда шаҳримиздаги бозорлар ҳамда йирик савдо марказларида рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу янгилик самараси биргина бизнинг бозор мисолида ҳам яққол намоён бўлиб, ҳар бир жараён қонуний асосда ташкил этилишига эришиляпти. Энг муҳими, бир ой ичида тушумлар миқдори сезиларли даражада ошди.

Парламент масъул қўмиталари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга барҳам бериш йўналишида амалга оширилаётган ҳамкорлик ижро интизомини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш жоиз, Қўқон шаҳридаги барча бозорларда бу борадаги ишлар кўламини ошириш мақсадида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кунлик назорат ва мониторинг ишларини олиб бориш йўлга қўйилган.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».    

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?