БМТ: Африкада 300 миллиондан ортиқ инсон тоза ичимлик сувидан маҳрум

22:30 12 Февраль 2026 Дунё
374 0

ТАСС хабар қилишича, Африка аҳолисининг қарийб 20 фоизи, яъни 300 миллиондан ортиқ киши тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг ўринбосари ҳамда БМТнинг Африка бўйича Иқтисодий комиссияси ижроия котиби Клавер Гатете маълум қилган.

У Аддис-Абеба шаҳрида бўлиб ўтган Африка Иттифоқи Ижроия кенгашининг 48-сессияси очилишида сўзга чиқиб, сув ва санитария хизматлари оддий ижтимоий хизмат эмас, балки иқтисодий инфратузилманинг ажралмас қисми эканини таъкидлаган.

Гатетенинг айтишича, Африка бўйлаб ҳали ҳам 300 миллиондан ортиқ киши хавфсиз ичимлик сувига, тахминан 780 миллион киши эса муносиб санитария шароитларига эга эмас. Холера, ич кетиши ва қорин тифи каби сув билан боғлиқ касалликлар қитъа бўйлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлишда давом этмоқда.

Унинг маълум қилишича, Африка минтақасида ҳар соатда олдини олиш мумкин бўлган касалликлар сабаб тахминан 115 нафар инсон вафот этмоқда. Бу ҳолатнинг иқтисодий оқибатлари ҳам жуда салмоқли.

Сув таъминоти ва санитария тизимларининг етарли эмаслиги меҳнат унумдорлигини пасайтиради, соғлиқни сақлаш харажатларини оширади ҳамда инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади. Завод ва фабрикаларга барқарор сув таъминоти зарур, қишлоқ хўжалиги корхоналарига суғориш тизими керак, шаҳарлар самарали фаолият юритиши учун эса канализация тизимлари муҳим аҳамиятга эга.

Гатете таъкидлаганидек, ишончли сув таъминоти тизимисиз саноат ҳудудлари рақобатбардошлигини сақлаб қола олмайди, логистика марказлари самарали равишда кенгаймайди, шаҳар иқтисодиёти эса барқарор ривожлана олмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?