Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбарининг ваколатлари алоҳида моддада аниқ белгиланмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мутлақ ваколатлари ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонунчилик таклифларини илгари суриш ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартибини амалдаги қонунчиликда белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбарининг ваколатлари алоҳида моддада аниқ белгиланмоқда. Парламент текширувини Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Қонунчилик палатаси қўмиталарига Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботлари ва давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.
Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳасини янада такомилига етказиш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мазкур жараёнда қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди. Масъул қўмита томонидан келиб тушган ҳар бир таклиф чуқур таҳлил қилинди.
Шунингдек, қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида бир неча маротаба масъул қўмитанинг йиғилишлари ўтказилиб, уларда илмий ходимлар ва экспертлар томонидан илмий асослантирилган, аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Янги таҳрирдаги Конститутсимизда илгаридан фарқли равишда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори фақатгина ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Бироқ ушбу талаб бажарилмаганда қонун лойиҳасининг тақдири очиқ қолган эди.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан айрим субъектлар томонидан ваколати жумласига киритилмаган масалалар бўйича қонун лойиҳаси киритилганда уларни ташаббускор субъектга қайтариш таклиф этилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг