Қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик либераллаштирилмоқда

16:24 14 Декабрь 2023 Сиёсат
195 0

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссия аъзолари ҳамда Ёшлар парламенти вакиллари иштирок этди.

Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилаётган масалалар, хусусан, «2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати қарорларига мувофиқ қабул қилинган давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2024-йилда жами 53,1 трлн. сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Маданият вазирлигига 2024-йилда республика бюджетидан 1,1 трлн сўм, шу жумладан вазирликнинг жорий харажатларига 820,4 млрд. сўм, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга 280 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маданият соҳасини ривожлантириш учун жами 149,5 млрд сўм ажратиш режалаштирилмоқда. Жумладан, давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш учун харажатлар 105 млрд сўм ҳамда хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кино ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд сўм, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларини миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун 7,5 млрд сўм ажратилиши белгиланган.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига 2024-йилда республика бюджетидан 1,8 трлн сўм, шу жумладан, вазирликнинг жорий харажатларига 1,3 трлн сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Cпорт соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 980 млрд сўм ажратилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Олимпия ўйинларига самарали тайёргарлик кўришга 250 млрд сўм, Паралимпия ўйинлари учун эса 41 млрд сўм назарда тутилган.

Эътиборли жиҳати, Давлат бюджетида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишни кенгайтириш ва ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда субсидиялар учун 150 млрд сўм ажратиш белгиланмоқда.

Маданий мерос агентлигига 2024-йилда республика бюджетидан 213,5 млрд сўм, шу жумладан, агентликнинг жорий харажатлари учун 183,5 млрд сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Маданий мерос соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 131 млрд сўм ажратилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар учун 125 млрд сўм миқдорида ҳамда давлат музейларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 6 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Мажлис давомида масъул вазирлик ва идоралар вакиллари мазкур маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан қисқача ахборот берди.

Шундан сўнг “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокамасига ўтилди.

Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонуннинг маъқулланиши юзлаб ёшларга ҳаётини қайтадан бошлаш, ўз ўрнини топиш, оиласига, маҳалласига, жамиятга фойда келтирадиган инсон бўлиб камолга етиш имконини беришига ишонч билдирилди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер