Қонун билан болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Жорий йилнинг 2 август куни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Жаҳон банкининг тавсияси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлаш учун мазкур Қонун ишлаб чиқилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахс айбли бўлади.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларининг тегишли моддалари диспозициясида оилавий (маиший) зўравонликнинг қурбони эр-хотин, собиқ эр-хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахслар бўлиши мумкинлиги назарда тутилган, аммо болалар киритилмаган. Натижада оилавий зўравонликка учраган болаларга нисбатан жиноят ишларини малакалашда тергов идораларида турли муаммолар юзага келган.
Мазкур Қонун билан болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланиб, болага, васийлик ёхуд ҳомийлик остида бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасини болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилган.
Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддасига ўзгартириш киритилиб, яраштирув институти билан боғлиқ норма акс эттирилган. Яраштирув институти амалиётда мавжуд бўлиб, турли ҳолатларда судгача томонлар ўзаро яраштирилади. Аммо бу Қонун билан оилавий (маиший) зўравонлик бўлса, судгача ҳеч қандай яраштирув мумкин эмаслиги белгиланмоқда, чунки тергов босқичида эр-хотинларнинг ўзаро ярашганлиги оқибатида айбланувчи томон жазо муқаррарлигини ҳис этмай, бир йил давомида яна қайта зўравонлик содир этиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунинг учун ҳам ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин, яъни оилавий (маиший) зўравонлик содир этган шахс фақат судда ярашув тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.
Мазкур Қонун қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашини олдини олиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг