Қонун билан банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда молиявий барқарорликни таъминлаш, банк соҳасида бизнесни юритиш учун рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, халқаро стандартларга мос келадиган ҳуқуқий асосларни яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, банк омонатларини кафолатлаш тизимини такомиллаштириш республика банк-молия соҳасининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашга, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Мазкур Қонунда кафолатлаш ҳодисаси ва объекти, кафолатланган омонат, кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаш каби тушунчалар очиб берилган.
Қонун билан банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган – Омонатларни кафолатлаш агентлигининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, кафолатлаш ҳодисаси рўй берганда Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан бир омонатчига ҳар бир банкда кафолатлаш объектининг қолдиғи 200 млн сўм миқдорида ёки ундан кам бўлса тўлиқ ҳажмда компенсация тўланиши белгилаб қўйилмоқда.
Банк тугатилганда омонатчиларга Агентлик томонидан компенсация тўловини амалга ошириш даври босқичма-босқич 7 иш кунигача қисқартирилиши назарда тутилмоқда. Жумладан, банк тугатилганда компенсация тўлови 2025 йил 1 январдан бошлаб 20 иш куни, 2026 йил 1 январдан 15 иш куни, 2027 йил 1 январдан 7 иш куни мобайнида амалга оширилади.
Банк банкротликка учраган тақдирда, омонатчилар маблағларининг Агентлик томонидан қоплаб берилишини инобатга олиб, омонатчининг банкдан талаб қилиш ҳуқуқи Агентликка ўтказилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш йўли билан аҳоли ва тадбиркорларнинг маблағлари бут сақланиши ҳамда кафолатлаш ҳодисаси рўй берганда омонатчиларга маблағлар қисқа муддатларда тўлаб берилиши таъминланишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг