Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

14:42 21 Октябр 2021 Жамият
664 0

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар парламент сўровига ҳукумат томонидан берилган жавобда муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этди.

Хусусан, қон қуйиш муассасаларида гемаконлар, қон сақлаш ва транспортировка анжомлари билан таъминлаш учун сўнгги беш йилда 15 млрд сўм маблағ ажратилган.

Донорлар ва қон захираси ҳақидаги маълумотлар алмашинувини рақамлаштириш мақсадида қон хизмати автоматлашган ахборот тизими яратилган.

Қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб, уларни таъмирловчи мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, мажлисда парламент сўровида кўрсатилган айрим масалалар юзасидан жавоб етарли даражада акс этмаганлиги маълум қилинди.

Жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини тартибга солувчи қонун, ҳамда қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар мавжуд ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилмаган.

Соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, мақсад- вазифалари ва амалга оширилиш механизмларини белгилайдиган концепция йўқлиги ҳамда уни ишлаб чиқишга эҳтиёж мавжудлигига эътибор қаратилмаган.

Ихтисослашган муассасалар моддий-техника таъминоти ва модернизациялаш, хусусан ПЗР аппаратлари, гемоцитоферез, плазмаферез, иммуногематологик анализатор ва ИФА-анализатор ҳамда бошқа ускуналар билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган. Жумладан, мазкур мақсадлар учун грантлар ажратиш режалаштирилган бўлсада, бугунги кунга қадар грантлар жалб қилиш бўйича аниқ натижаларга эришилмаган.

Муҳокама жараёнида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган чора-тадбирлар парламент доимий назоратида бўлиши қайд этилди.

Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?