Қўмита мажлисида қатор қонунлар муҳокама қилинди

19:54 10 Февраль 2026 Сиёсат
276 0

Жорий йилнинг 10 февраль куни бўлиб ўтган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига уларни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битими талабларидан келиб чиққан ҳолда фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунга фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилишга оид янги норма (202-модда) киритилиб, фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан амалга оширилиши ҳамда унинг тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолият учун чекланган муддатга лицензия берилишини ҳамда ушбу фаолиятни лицензиялаганлик учун давлат божи белгиланишини, шунингдек, лицензиянинг номи ва унинг кичик турлари аниқлаштирилишини ҳамда мазкур фаолиятни амалга ошириш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори белгиланишини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Мазкур Қонун ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасини халқаро стандартларга мослаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда экологик вазиятни назорат қилиш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, табиий ресурсларни тежаш ва оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда давлат экология назорати тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари назарда тутилган.

Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ҳудудларда экологик ҳолатни яхшилаш, экологик муаммоларни ҳал этиш борасида маҳаллий Кенгашлар олдидаги долзарб масалалар юзасидан ўқув семинари ўтказилди.

Семинарда доимий комиссия аъзоларининг соҳа бўйича қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириб бориш, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда уларнинг фикрини олиш зарурлиги айтиб ўтилди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Семинарда доимий комиссия аъзолари ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?