Қўмита мажлисида қатор ижтимоий масалалар муҳокама қилинди

20:05 29 Сентябр 2025 Сиёсат
267 0

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида ижтимоий масалаларга оид қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида «Ижтимоий иш тўғрисида»ги Қонунда ижтимоий иш соҳасидаги асосий тушунчалар акс эттирилгани таъкидланди. Бундан ташқари, унда ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари, ижтимоий ишни ташкил этиш, ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати, ижтимоий ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари белгилаб берилганлиги қайд этилди.

Қонун юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда экспертларнинг таклифлари эшитилди. Батафсил ўрганишлардан сўнг Қўмита томонидан тегишли қарор қабул қилинишига келишилди.

Шунингдек, мажлисда Тошкент вилоятида умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун яратилган шароитлар, таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, вилоятда ҳозирги кунда 877 та давлат умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 568 027 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 2025 йилда мактабни 34 720 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, улардан 30 260 нафари давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, ўртача 76,9 балл натижа қайд этилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан таълим сифатини баҳолашга қаратилган тадбирларда айрим камчиликлар қайд этилди. Хусусан, 2025 йилда ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида ўқитувчиларнинг 852 нафарида (8,2%) малака тоифаси пасайган, 5 775 нафари (55,3%) эса белгиланган минимал ўтиш баллни тўплай олмаган. Шунингдек, 2025 йилда ўқувчиларнинг минтақавий ва халқаро олимпиадалардаги иштироки республика кўрсаткичининг бор-йўғи 2,5 фоизини ташкил этган (республика бўйича жами медаллар сони – 195 та, Тошкент вилоятида эса – 5 та).

Шунингдек, вилоятда жами 158 та умумтаълим мактаб узоқ йиллардан буён давлат дастурлари асосида мукаммал таъмирланмаган, 149 та мактабнинг спорт заллари таъмирталаб ҳолатда бўлса, 174 та мактабнинг спорт заллари мавжуд эмас, 2 059 та спорт майдончасининг 552 таси ҳолати қониқарсиз аҳволда.

Муҳокама якунида мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди ва Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?