Қўмита мажлисида айрим қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди

11:06 26 Ноябрь 2025 Сиёсат
174 0

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий банк хизматларини жорий этишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини, шунингдек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, шу жумладан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сенаторлар томонидан молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги банк хизматларини жорий этиш билан бир қаторда амалга оширилаётган тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш ва қўшимча харажатлар манбаларини аниқлаш зарурати юзага келаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунда исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасидаги тадбирларни молиялаштириш ҳамда бошқа бир қатор тадбирлар учун қўшимча маблағлар ажратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми, Давлат бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар миқдорлари ҳам ўзгартирилмоқда.

Қўмита аъзолари ўз чиқишларида қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда исломий банк хизматларини босқичма-босқич жорий этишга, яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларининг мақсадли ҳамда самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер