Қизириқ туманида "Исфара микро ГЭС-1" иш фаолиятини бошлади

15:50 15 Декабрь 2023 Иқтисодиёт
446 0

Замонавий тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қаторида миллий иқтисодиётимизнинг муҳим қувват манбаи ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи ҳам изчил ривожланмоқда.

Айтиш жоизки, янги Ўзбекистонимизда барча соҳада амалга оширилаётган жадал ҳамда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар қаторида энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектр станцияларни қуриш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари юқори суръатларда амалга оширилаётир.

Айтиб ўтиш лозимки, Сурхондарё вилоятининг гидроэнергетик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш борасида бир қанча йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётганидан хабарингиз бор. Президентимизнинг жорий йил 17-18 ноябрь кунлари "Тўполанг ГЭС"ида амалга оширилган модернизация ишлари ҳамда "Зарчоб-3 ГЭС"ининг қурилиши бошланишига старт бериш жараёнларига гувоҳ бўлдик.

Кеча Қизириқ тумани Исфара коллекторида “Исфара микро ГЭС-1”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, мазкур микро ГЭСнинг қуввати 230 кВт, ўртача йиллик 1 076 000,0 кВт.соат электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга. Ушбу объектнинг фойдаланишга топширилиши натижада маҳаллабай тизим орқали Янгикент маҳалласининг 460 та хонадони электр энергия билан таъминланади, бешта янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистонда илк бор мазкур ГЭСда барча ускуна маҳаллий ишлаб чиқариш доирасида тўлиқ ўзимизда тайёрланган. Тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖда ГЭС учун зарур бўлган жиҳозлар ишлаб чиқарилди. Асосийси, арзон ҳамда экологик тоза электр энергияси етказиб бериш таъминланаётир.

Лойиҳа доирасида 60 м. узунликдаги каналда реконструкция ишлари, сув тўсиш иншооти, сув бўлиш иншооти, босимли ҳавза иншооти қурилишлари, босимли қувур (50 м.) ўрнатиш, қувват узатиш линияси каби қурилиш монтаж ишлари бажарилди.

Қайд этиш керак, гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, халқимиз фаровонлигини ортишига мустаҳкам замин яратади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер