Қизилқумнинг анъанавий фестивали ниҳоясига етди

11:15 22 Апрель 2025 Жамият
200 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий шаҳрида НКМК тизимидаги маданият муассасаларининг санъатсевар ёшлари ўртасида анъанавий XVII «Қизилқум санъат ғунчалари 2025» болалар кўрик-танлови – фестивали ўз ниҳоясига етди.

Қизилқумда кўклам унинг барча байрам шодликларига уйғун равишда бийдай чўлдан гўзаллик топаётган юртдошларимиз кўнглини йилда бир бор тоғдек кўтаради. Шу гўзалликлар бағрида улғаяётган ёш талантлар эса икки баҳорда бир ўтказиладиган «Қизилқум санъат ғунчалари» болалар кўрик-танлови – фестивалида унинг бетакрорлигини улуғлашда баҳслашишади.

1998 йил илк бор фестиваль тариқасида ўтказилган ушбу кўрик-танлов жорий кўклам ўн еттинчи бор «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси тасарруфидаги барча маданият саройларининг ёш иқтидорларини ўз атрофига бирлаштирди.

— Тўрт кун давом этган танловда бу йил етти юз нафарга яқин санъатга ошно ўғил-қизлар иштирок этишди, — дейди «НКМК жамғармаси» давлат муассасасининг матбуот хизмати раҳбари Санжар Қурбонов. — Улар ижрочиликнинг хонандалар, вокал гуруҳлари, оркестрлар ва зарбли чолғу ансамбллари, рақс жамоалари ва ансамбллари йўналишларида маҳоратларини намойиш этди. Шулардан биргина рақслар йўналиши, эстрада, замонавий ва халқ рақслари каби уч турга бўлиниб, ҳакамлар бунда ёшларнинг нафақат ижро маҳорати балки либос ва саҳна маданиятларини ҳам баҳолашда инобатга олди.

Чинданам, бири-бирини такрорламас либосларда миллий колорит турли миллатларга хосликни кузатиб, бепоён кенгликларда табиий қазилма бойликларни ўзлаштираётган кўпмиллатли жамоада миллатлараро бағрикенглик, миллий санъатга ҳурмат нақадар улуғланганлигига амин бўласан киши. Албатта, бу фазилатларнинг инсон шуурига ёшлигиданоқ сингдирилиши ёш санъаткорларнинг миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етишида юксак самара бериши шубҳасиз.

Кўрик-танловга республикамизнинг таниқли санъат арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати таклиф этилиб, «Фарҳод» маданият саройининг катта саҳнаси ҳар бир иштирокчи учун ўзига хос минбарга айланди.

— «Қизилқум санъат ғунчалари 2025» болалар кўрик-танлови –фестивалига таклиф қилишганида очиғи аввалига уни бу қадар масъулият билан қабул қилмаган эдим. — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова. — Тўрт кундирки ҳайратлар ичида яшаяпман. Фестивалга ташкилотчилар юқори савияда тайёргарлик кўришгани ўз йўлига, иштирокчи ёшлар орасидаги талантларнинг бир-бирини такрорламас репертуари, ижро маданияти, овоз ва иқтидори биз, ҳакамларга мураккабликлар туғдирганини таъкидламай иложим йўқ.

Танлов якунларига кўра «Фарҳод» маданият саройининг «Счастливое детство» ансамбли хореография, Зафаробод қўрғонидаги «Ёшлик» маданият ва спорт маркази аъзоси Айсу Ўринбоева соло ва вокал ижрочилигида 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида, «Учқудуқ» маданият саройидан Тўлабий Нурлибаев эса шу йўналишда 12 ёшдан юқори ижрочилар орасида кўрик-танловнинг «Гран-При»сига муносиб деб топилди. Зарбли чолғу асбоблари йўналишида Зарафшон шаҳридаги «Олтин водий» маданият саройининг «Аллегро» ансамбли ғолибликни қўлга киритди.

Таъкидлаш жоиз, ҳар бир танловнинг яратилган қўшиқ ва кашф этилган истеъдодлари келажакда миллат мулкига айланади. Қизилқумликларнинг жорий йил танлови ҳам шу жиҳатдан ўз мақсадини оқлаб, бир қатор ёш истеъдод соҳибларию янги-янги қўшиқларга қанот бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Танлов якунида эса ғолиблар шарафига унинг иштирокчилари томонидан гала концерт намойиш этилиб, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?