Қизилқумнинг анъанавий фестивали ниҳоясига етди

18:16 10 Май 2023 Welcome to uzbekistan
12637 0

Фото: «Халқ сўзи»

Навоий шаҳрида НКМК тизимидаги маданият муассасаларининг санъатсевар ёшлари ўртасида анъанавий XVI “Қизилқум санъат ғунчалари 2023” болалар кўрик-танлови - фестивали ўз ниҳоясига етди. 

Қизилқум ҳақида сўз очилса кенг дала ва бийдай чўл кўз ўнгимизда гавдаланади. Ваҳоланки бугун мана шу кенгликларда чинакам жамол очган навқирон шаҳарлар Учқудуқ ва Зарафшон ҳамда ўнлаб қўрғону қишлоқлар, манзилу овуллар жойлашган. Табиийки, мазкур гўшаларнинг ўз анъана, қадрият ва санъати ҳамда бири-бирининг изидан қувлаб келаётган ўз иқтидорлари бор. Уларни юзага чиқариш, рағбат кўрсатиб, элга танитишда 1998 йилдан буён “Фарҳод” маданият саройида ташкил этиладиган “Қизилқум санъат ғунчалари”, кўрик танлови ҳам саҳна ва ҳам аудитория вазифасини ўтаб келмоқда.

- Ушбу кўрик танлов дастлаб фестивал тариқасида ташкил этилган, - дейди “НКМК жамғармаси” Давлат муассасасининг матбуот хизмати раҳбари Санжар Қурбонов. - Кейинчалик у танловга айланиб, ҳар сафар республикамизнинг таниқли санъат арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмоқда. Албатта, бу комбинатимиз тасарруфидаги барча маданият муассасаларининг масъулиятини ошириш билан бирга, танловимизнинг нуфузини ҳам таъминламоқда. 

Қарийб беш кун давом этган бу йилги кўрик танловда НКМК тасарруфидаги маданият муассасаларининг 700 нафардан ортиқ санъатсевар ўғил-қизлари иштирок этишди. Улар ижрочиликнинг хонандалар, вокал гуруҳлари, оркестрлар ва зарбли чолғу ансамбллари, рақс жамоалари ва ансамбллари йўналишларида маҳоратларини намойиш этдилар. Шулардан биргина рақслар йўналиши, эстрада, замонавий ва халқ рақслари каби уч турга бўлиниб, ҳакамлар бунда ёшларнинг нафақат ижро маҳорати балки либос ва саҳна маданиятларини ҳам баҳолашда инобатга олдилар. 

- Бири-бирини такрорламас либосларда миллий калорит турли миллатларга хосликни кузатиб, НКМКдек кўпмиллатли жамоада миллатлараро бағрикенглик, миллий санъатга ҳурмат нақадар улуғланганлигига амин бўласан киши, - дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Козим Қаюмов. - Албатта, бу фазилатларнинг инсон шуурига ёшлигиданоқ сингдирилиши, ёш санъаткорларнинг миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етишида юксак самара беради. 

Танловнинг вокал чолғу йўналиши дуэт ва вокаль гуруҳлар ҳамда яккахон хонандалик мухлисларини ўз атрофига бирлаштирди. Мазкур йўналишда ҳам ижродаги маҳорат билан бирга қўшиқларнинг бадиий савияси, мавзудаги самимиятга эътибор қаратилди.

Албатта, ҳар бир танловнинг яратилган қўшиқ ва кашф этилган истеъдодлари келажакда миллат мулкига айланади. Қизилқумликларнинг жорий йил танлови ҳам шу жиҳатдан ўз мақсадини оқлаб бир қатор ёш истеъдод соҳибларию янги-янги қўшиқларга қанот бўлди, десак асло муболаға эмас.

Танлов якунида эса ғолиблар шарафига унинг иштирокчилари томонидан гала концерт намойиш этилиб, диплом ва қимматбаҳо эсталик совғалари топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?