Қиз бола ўқиб, олим бўлади

16:46 07 Март 2025 Жамият
160 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Илм ҳамма замонларда ҳам қадрланган. 1963 йилда кўҳна қитъада содир бўлган бир воқеани эслайлик. Зал тўла эркак кириб келган аёлнинг чиройи, бойлиги, насаби ё лавозими учун ўрнидан тургани йўқ. У малика ҳам, дунё гўзали ҳам эмасди. У полоний ва радийни кашф қилган, Нобель мукофотини олган биринчи олима аёл эди. Унинг турмуш ўртоғи, қизи ва куёви ҳам Нобель мукофоти лауреатлари бўлди. Бир зал эркак аёлдаги илм, тажриба, жасорат учун оёққа турди ва бош эгди.

Янги Ўзбекистон заминида Учинчи Уйғониш пойдеворини ҳозирловчи янги авлод камол топмоқда. Улар бўлажак Бухорийлар, Берунийлар, Навоийлар, Бобурлар, Нодиралар, Увайсийлар, Зулфия-ю Ҳалималар бўлажак! Миллатнинг қадрини, Ватаннинг байроғини баланд тутажак! Бунинг учун, энг аввало, қизларни ўқитиш даркор. Давлатимиз раҳбари ҳам Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади”, дея даъват этмоқда. «Қиз бола ўқиб, олим бўладими?!» деган истеҳзоли гапларнинг даври ўтди! Оддий муаллима Хуршида Баротова мисолида қиз бола ўқиб, олима бўлишини ишонч билан айта оламиз.

Нурафшон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хуршида Баротова 1993 йилда Бухорода туғилган. Бухоро давлат университетини тамомлаб, магистратура босқичини таҳсил олган. Болалигидан китобга меҳр қўйган. «Халқ таълими аълочиси» Гулнора Яхшиевадан сабоқ олиб, филология йўналишида илмий изланишлар олиб боришни олдига мақсад қилиб қўйган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти тарихида тадқиқотчисини кутиб турган асарлар кўп. Ёш олима Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари устида илмий тадқиқот олиб боргани ҳам унинг тафаккури теранлигини англатади.

– «Бобурнома» – жаҳон адабиёти тамаддунидаги ўлмас мемуар. Илм-фаннинг йигирмага яқин соҳаларида қимматли тарихий маълумотлар берувчи нодир манба, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хуршида Баротова. – Университетда профессор Шавкат Ҳайитов маърузаларини тинглаб, «Бобурнома»га қизиқишим ортган. Бу мемуарда Бобурнинг ҳақиқий ҳаёти акс этган. Онаси Қутлуғ Нигорхоним, Фарғона маликаси дея лутф этилган Хонзода бегим, Моҳим бегим, Гулбадан бегим, Ҳамидабону бегим, Марям уз-замони бегим, Нуржаҳон бегим, Аржумандбону, Дилрасбону бегим, Зебунисо бегим, Зийнат маҳал бегим каби аёллар ҳаёти ва фаолияти, истеъдод ва маҳорати бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир. Бу хонзодалар ичида миллий ва ҳинд либосларини уйғунлаштириб янги урфдаги аёллар кўйлакларини яратган оташнафас шоира Зебунисо бегимдан илҳом олдим.

Давлат ишларида ҳам, ижодда ҳам адолатни маҳкам тутган шоҳ ва шоирнинг асарларини ичига кириб бориш учун олимага отаси Жалол Ҳазратов, устози Шавкат Ҳайитов, турмуш ўртоғи Достон Ҳайдаров елкадош бўлди. Хуршида Баротованинг илмий иши айрим матбуот нашрларида танқид қилинаётганидек кўчирмачиликдан иборат эмас, бу янги илмий асардир. Буни диссертация матни тўққиз марта қайта ёзилгани ҳам тасдиқлаб турибди. Ёш олима илм учун бутун Ўзбекистонни кезиб чиқди. Ўзи Нурафшонда яшаса-да, илмий иш бўйича етакчи ташкилот Наманган давлат университетида жойлашган, диссертация ёқлаш жараёни Бухоро давлат университетида бўлиб ўтди. Бир ёқда Бобур юрти Андижонга уюштирилган илмий сафарлар...

Яқинда Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Андижонда ўтказилган халқаро анжуманда улуғ аждодимиз ижодига бағишланган қатор илмий мақолалари, шунингдек, «Аёл ва тақдир: сабабият ва садоқат” рисоласи учун Хуршида Баротова тақдирланди. Бу олиманинг изланишлари беиз кетмаганининг исботидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?