«Қирғизистон - Ўзбекистон» бизнес-форуми икки томонлама ҳамкорликнинг янги қирраларини очиб берди

20:27 26 Январь 2023 Сиёсат
774 0

26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи арафасида Бишкек шаҳрида «Қирғизистон – Ўзбекистон» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Спикерларнинг Форумнинг очилиш маросимидаги нутқларида сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Жумладан, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ушбу даврда 7 баробарга ошиб, 2022 йилда 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, маълум қилинганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётлари яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ошиш учун етарли салоҳиятга эга. Бунга, бошқа чоралар билан бир қаторда, цемент, кўмир, рангли металлар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. 2016 йилга нисбатан қўшма корхоналар сони 8 баробарга ошиб, 320 тага етди. Автомобиль ва тижорат техника воситаларини ишлаб чиқариш, қўшма тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириши тамойили асосида темир, каолин, травертин, базальт конларини ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳар икки иқтисодиётнинг рақобатдош устунликларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бунда интенсив боғлар ва замонавий иссиқхоналарни ривожлантириш, биргаликда картошка, маккажўхори ва гўшт етиштириш, қўшма чорвачилик комплексларини яратиш назарда тутилмоқда.

Форум давомида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашининг ташкил этилиши, шунингдек, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида қардошлик муносабатлари ўрнатилгани туфайли кейинги 3 йил ичида бу ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошди. Ўзаро ишбилармонлик миссиялари, кўргазма ва форумлар ўтказиш, икки мамлакат ҳудудларининг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ишлар давом эттирилади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тарихий уч томонлама битим имзолангани таъкидланди. Мазкур стратегик лойиҳа рўёбга чиқарилишини фаоллаштириш транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида тилга олинди. Бу лойиҳа Марказий Осиё минтақасида анъанавий транзит йўналишларини диверсификация қилиш ва юк ташиш ҳажмларини ошириш имконини беради.

Тизимли ишларни йўлга қўйиш, икки давлат тадбиркорларининг доимий ҳамкорлиги учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Унинг ёрдамида ишбилармон доиралар вакиллари савдо шартномаларини тузишлари, тайёр саноат кооперацияси лойиҳалари ва бизнес ҳамкорлар танлашлари мумкин бўлади.

Бизнес-форум дастури доирасида панель муҳокамалари ва давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда иштирокчилар иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, кооперация ва ҳудудий интеграция масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Ундан кейин бўлиб ўтган «Б2Б» музокаралари тадбиркорлар ва инвесторларнинг эътиборини янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига қаратди ва келишувларга эришиш учун ўзаро ҳамкорлик форматлари ва интенсивлигини аниқлаш имконини берди.

Форум якунлари бўйича кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган муҳим келишувлар имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер