Қиймати 293,5 миллион АҚШ доллари: Йирик лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилди

17:19 21 Октябр 2024 Иқтисодиёт
260 0

2024 йил 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокида ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасининг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 март куни мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини яхшилашга қаратилган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Президент қарори имзоланди.

Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ИТБ иштирокида 2024-2028 йилларда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 туманидаги 157 та маҳаллани қамраб оладиган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичини ишга туширмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 293,5 миллион долларни ташкил этади.

Янги лойиҳа йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти тизимларини такомиллаштириш, болалар боғчалари, мактаблар ва қишлоқ поликлиникалари каби ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилишда ресурс тежамкор ва экологик тоза технологияларни қўллаш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга қаратилган.

Шунингдек, яшил ва энергия тежамкор ҳамда рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда архитекторлар, муҳандислар жамоалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг имкониятларини кенгайтириш ва салоҳиятини мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Очилиш тадбирида таъкидланганидек, лойиҳа инклюзив ва барқарор ўсиш орқали қишлоқлардаги қашшоқликни камайтиришга ёрдам беради. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 622 мингдан зиёд қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланиши режалаштирилган.

Маълумот учун, лойиҳанинг 2022 йилда бошланган ва бугунгача амал қилаётган биринчи босқичи ҳам худди шундай вазифаларни қўйган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг 20 та мақсадли туманларида 170 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ҳамда аҳолининг касбий малакасини ошириш мақсадида чекка қишлоқларда ҳам объектларни қуриш ва таъмирлаш ишларини ўз ичига олган. Айни пайтда маҳаллий аҳолининг фаол иштирокида 2024-2025 йилларда қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган 900 та кичик лойиҳа танлаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?