Қатағон қилинган сулола

16:17 28 Август 2024 Жамият
209 0

Қатағон қурбонлари ҳақида сўз юритилганда халқни илму маърифатли қилишни, шу орқали тараққиёт этагидан тутмакни ният этган жадидлар беихтиёр кўз олдимизга келади. Таассуфки, ўша зулматли йилларда миллатнинг гули саналган бу инсонларнинг умри эрта завол топди. Бутун бошли сулолалар қатағон қурбонига айланди. Ана шулардан бири Бурҳоновлар сулоласи вакилларидир.

Бу хонадоннинг тўнғич вакили Бурҳон асли самарқандлик бўлиб, чор Россияси босқинидан кейин Бухоро амирлигига кўчиб келишга мажбур бўлган. Унинг тўрт ўғли бор эди: Музаиниддин (Мутал Бурҳоновнинг отаси), Мазҳар, Мукаммил ва Муаммир. Бу ёшлар ўз замонасининг илғор ғоялари таъсирида улғайган. Мазҳар ва Муаммир жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари бўлган. Амир таъқибидан қочиб, 1908 йилда Фитрат билан бирга Туркияда таҳсил олишган.

Мукаммил Бурҳонов (Мукаммилидин Бурҳонов 1884-й. — 1938.25.10) Исмоил Гаспирали, А.Шакурий мактабларига қиёсан ўз уйида 1912 йилда янги усулдаги билим даргоҳи очган. 1913 йилда ёши катта саводсиз ва чаласаводлар учун кечки мактаб ташкил қилган. Бухородаги махфий «Таълими атфол» жамияти ташкилотчиларидан бири бўлган. 1914 йилдан «Ёш бухороликлар» жамияти аъзоси ҳисобланган. 1917 йили ёшлар намойишидан сўнг Самарқандда яшаган. Амирлик ағдарилгач, 1920 — 1924 йилларда Бухоро Халқ Республикаси Адлия нозири ва Ф.Хўжаевнинг шахсий котиби, БХСРнинг РСФСРдаги мухтор вакили вазифаларини бажарган. 1922 йилда Ф.Хўжаев билан бирга 25 кун мобайнида Германияда бўлиб даволанган ва у ерда таҳсил олаётган талабалардан хабар олган.

Мукаммил Бурҳонов Бухоро ВКП(б) аъзоси, «Миллий иттиҳод» ташкилотининг хазиначиси сифатида фаолият олиб бориб 1925 йилда нафақага чиққан. 1937 йил 2 июнда НКВД Бухоро сектори томонидан ҳибсга олинган ва 1938 йилнинг 25 октябрида отувга ҳукм қилинган.

Мазҳариддин Бурҳонов (1878 йилда туғилган) Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзоларидан бири бўлган. Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина, Ҳиндистоннинг Деҳли ва бошқа шаҳарларида борган.

У амир амалдорлари билан тортишиб қолган. Шундан сўнг укаси Муҳаммир билан Туркияга кўчиб кетган ва 1914 йилда Истанбул университетида таҳсил олган. Мазҳариддин Истанбулда турк миллатига мансуб Саъдияхонимга уйланган. Уларнинг фарзандлари бўлмаган. 1922 йилда математика ўқитувчиси дипломи билан Бухорога қайтган Мазҳариддин Бурҳонов 1922-1923 йилларда Бухоро Халқ Республикаси Меҳнат идораси бошлиғи ва Маориф нозирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 1924-1930 йилларда мусиқа институтида дарс берган. 1932-1933 йилларда Душанбеда, 1933-1936 йилларда Тошкентда яшаган ва ишлаган. 1936 йилда Самарқандга кўчиб келган ва ўқитувчилик қилган. Бухорода тузилган «Нашри Маориф» ташкилоти таркибида фаолият кўрсатган.

У 1937 йил 9 июлда «Миллий иттиҳод» ташкилотига алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган ва ака-укалари билан биргаликда 1937 йил 25 октябрда НКВД учлиги томонидан олий жазога ҳукм қилинган. Ўлимидан сўнг 1962 йил 26 ноябрда оқланган.

Муаммир Бурҳонов (1897 йилда туғилган) ҳам Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзоси бўлган. 1914-1921 йилларда Туркиянинг Истанбул, Бурса, Кастумана шаҳарларида яшаган ва таълим олган. Истанбулда турк миллатига мансуб Назмияхонимга уйланган ва ундан икки ўғил фарзанд (Музаффар ва Мустафо) кўрган. «Таълими атфол» жамияти аъзоси, «Таълими маориф» уюшмаси ташкилотчиларидан бири, «Ёш бухороликлар» жамияти аъзо бўлган.

1921 йилда оиласи билан Бухорога қайтган Муаммир Бурҳонов 1921-1924 йилларда Бухоро шаҳри милиция нозири вазифасида ишлаган. 1924 йилда давлат топшириғи билан Туркияга бориб келган. 1921-1924 йилларда «Миллий Иттиҳод» ташкилоти фаолиятида қатнашган.

1923 йилда Лаби Ҳовуз ёнидаги кинозалда чиққан ёнғин туфайли ўғли Музаффардан айрилиб қолган. Бу йўқотишдан сўнг Назмияхоним ўғли Мустафони олиб Истанбулга қайтиб кетган. 1924-1926 йилларда Муаммир Туркияда истиқомат қилаётган оиласидан хабар олиш учун бориб 1924-1926 йилларда ўша ерда яшаган. Ўшанда миллий озодлик ҳаракати фидойилари Усмон Хўжа ва Носир Ҳаким билан учрашган. 1926 йилда Ўзбекистонга қайтиб келган ва Самарқанддаги 5-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Муаммир акалари Мазҳар ва Мукаммил Бурҳонов билан бир кунда 1937 йил 2 июнда Самарқандда қамоққа олинган ва Тошкентга жўнатилган. 1937 йил 14 октябрда ўлим жазосига ҳукм қилинган ва 1937 йил 25 октябрда отиб ташланган. Ўлимидан сўнг 1965 йил 2 декабрда оқланган.

Мисбоҳ Бурҳонов (1905 йилда туғилган) 1919 йилда жадидчиликда айбланиб, Бухоро амири Олимхон топшириғига биноан 14 ёшида отаси билан бирга зиндонга ташланган. Шу йилнинг ўзида зиндондан озод қилинган. 1924-1928 йилларда Москвада ўқиб, журналист дипломини қўлга киритган. 1928-1933 йилларда Душанбе шаҳрида «Тожикистони Сурх» газетасининг масъул муҳаррири ва муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тожикистон КП (б) МК аъзоси, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланган. Бухоро Халқ Республикаси раҳбарлари билан яқин алоқада бўлиб, мамлакат ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий руҳдаги мақолаларини даврий нашрларда эълон қилиб борган. Советлар юритган мустамлакачилик сиёсатига қарши миллий озодлик ғояларини тарғиб қила бошлаган. 1933 йилда номаълум сабабларга кўра қамоққа олинган ва беш йилга ҳукм қилинган. Аммо ҳукм ижросиз қолдирилган. 1937 йил 11 октябрда яна ҳибсга олинган ва 1937 йил 25 октябрда олий жазога ҳукм қилинган. Амакилари Мазҳариддин, Мукаммил ва Муаммир Бурҳоновлар билан бир кунда, бир жойда отиб ўлдирилган. Ўлимидан сўнг қариндошларига қамоқдалик пайтида ёзганлари берилган. Улар орасидан «Ҳаммаси тақдирдан, тақдир ўйинидан ҳеч ким, ҳеч қачон қочиб қутила олмаган. Бу изтиробларни сабр-бардош билан енгишдан ўзга чора – йўл йўқ. Шукр қил, ахир бундан ҳам баттар аҳволга тушишинг мумкин эдику! Балки озодлик дақиқалари яқинлашиб келаётгандиру, сен бундан бехабар ўтиргандирсан?…» мазмундаги форс мутафаккири Бузургмеҳрга тегишли сўзлар ёзилган қоғоз ҳам чиққан.

Сулоланинг қатағондан омон қолган ягона вакили Мутал Бурҳоновдир. У 1934 йилда Москва консерваториясига ўқишга кирган.

Таътил вақтида Москвадан Самарқандга қайтган Мутал Бурҳонов қариндошларининг аччиқ тақдиридан хабар топади. Яқинлари уни зудлик билан Москвага қайтиб кетишга кўндиради. Айнан шу қатағон этилишдан асраб қолган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда жуда истеъдодли саналган бу йигит кейинчалик таниқли бастакор бўлиб етишди. Унга ёруғ кунларни кўрмоқ насиб этди. Бастакор Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи сифатида ҳам алоҳида ардоқда. Халқимиз ҳаётидаги ўша даҳшатли кунларни эса у ўзи яратган «Абадий хотира» реквием марциясида абадий муҳрлаб кетди.

Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари

хотираси музейи директори, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?