Қашқадарёга Хитойдан яна 30 та автобус олиб келинди

17:01 23 Февраль 2024 Иқтисодиёт
305 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация 2023 йилнинг июль ойида Хитой Халқ Республикасида бўлиб, Чин юрти тадбиркорлари бир қатор келишувларга эришган эди. Ана шундай келишувлардан бирида вилоятга 100 дона замонавий жамоат транспорти олиб келиш кўзда тутилганди. Бу автобусларнинг 30 таси 2023 йилнинг ноябрь ойида “Шарофиддин-Нурилло” масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилиниб, вилоятга олиб келинганди.

— Ўтган вақт оралиғида ушбу автобусларни тўлиқ йўналишларга қўйдик, — дейди жамият иш юритувчиси Акмал Турдиев. — Мана энди навбатдаги 30 та замонавий автобусларимиз ҳам вилоятимиз аҳлига хизмат қилишни бошлайди. Тез орада қолган 40 та автобусни ҳам олиб келиш бўйича ҳаракатга киришамиз.

Ушбу автобусларнинг ҳар бири 24 тадан ўриндиққа эга бўлиб, умумий йўловчи қабул қилиш сиғими 60 кишини ташкил этади. Автобусларда йўловчилар учун барча замонавий шарт-шароитлар мавжуд.

Янги автобусларнинг илк йўналишга чиқиш жараёнларида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши шаҳри ва тумани ҳокимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 290 дан ошиқ йўловчи ташиш йўналишлари мавжуд бўлиб, айни пайтда ушбу йўналишларда 411 та автобус, 43 та микроавтобус ҳамда 2400 дан ортиқ “Дамас” автомобиллари йўловчи ташиш хизматларини кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер