Қашқадарёда қанча йўллар таъмирланди?

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Яқинда телеканалларимиздан бирида Германиянинг шимол ва жанубини боғловчи «А1» ҳамда ғарб ва шарқини боғловчи «А2» халқаро автомагистраллари ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Эътиборимизни тортган жиҳати, ушбу йўлларнинг доимо ойнадек ярақлаб туриши, ҳайдовчилар ноқулайлик ҳис этмаслиги учун ҳар куни минглаб мутахассислар иш олиб бориши, миллиардлаб маблағ сарфланиши бўлди. Албатта, йўллар ҳар бир мамлакатнинг энг муҳим инфратузилма тармоқларидан бири ҳисобланади. Улар орқали ҳар куни юртимизга миллионлаб сайёҳлар, товар-маҳсулотлар кириб келади ёки чиқиб кетади. Бир қатор давлатлар ўртасидаги автомобиль ва юк ташиш оқимлари ҳам ана шу йўллар орқали боғланади. Буларнинг ҳаммаси жуда катта пул, валюта деганидир. Бусиз туризмни, логистикани ривожлантириш, ҳудудларнинг ижтимоий, иқтисодий жозибасини ошириш, аҳолининг фаровон турмуш-тарзини таъминлаш имконсиз.
Ҳар йили мамлакат бўйлаб минглаб километр йўлларда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Биргина Қашқадарё вилоятида жами 21 минг 637 километр узунликдаги автомобиль йўллари мавжуд. 2017-2024 йилларда турли манбалар ҳисобидан 4,5 триллион сўм маблағ сарфланиб, ана шу йўлларнинг 9599 километри қисмида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу сўнгги етти йилда вилоятдаги жами йўлларнинг 44 фоиздан ошиқ қисми янгиланди, деганидир. Энг муҳими, бу ишларнинг самарасини аҳоли ҳам ҳис этмоқда. Бир неча йил олдин вилоят марказидаги аксарият йўллар ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолиб, бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди.
Президентимизнинг 2023 йилда Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида берган топшириғига асосан, Қарши шаҳрида 27 километр узунликдаги 6 та марказий кўчада йўлнинг юқори қатламига А-типдаги асфальтбетон қоришмаси ётқизилиб, текис ва равон йўлга айлантирилди. Ўтган йили Қарши туманини Касби тумани билан боғловчи йўлнинг 38 километр қисми, «Қамаши — Чимқўрғон» автомобиль йўлининг 23 км қисмига асфальтбетон ётқизилиб, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти тубдан яхшиланди. Турли дастурлар доирасида 1194,1 километр ички хўжалик йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
— Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, «Олмаота — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз» автомобиль йўлининг 1255-1315 километр (60 километр) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳаси амалга оширилиши белгиланганди, — дейди Қашқадарё вилоят автомобиль йўллари ҳудудий Бош бошқармаси бошлиғи Беҳзод Тўраев. – Айни пайтда умумий қиймати 195,5 миллион долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳа бўйича ишлар бошланган. Автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари Хитойнинг «China Road and Bridge Corporation» компанияси ҳамда «Dineshchandra-New-Tech-Tekar» қўшма корхоналари томонидан олиб борилмоқда.
Жорий йилда вилоят йўлсозларининг олдида турган режа янада улкан. Хусусан, бу йил вилоятда турли тоифадаги жами 4675,5 километр йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бунинг ичида вилоятнинг туризм объектларига олиб борувчи Қамаши туманидаги «Лангар – Майданак» автомобиль йўлини таъмирлаш, Шаҳрисабз туманидаги Мираки, Ғилон, Сарчашма ҳудудларидаги йўллар 3-тоифага мослаб қайта қуриш, Халқаро аҳамиятдаги А380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» йўлининг 100 километр қисмини таъмирлаш каби йирик ва муҳим лойиҳалар ҳам бор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг