Қашқадарёда Наврўз тантаналари давом этмоқда

16:06 16 Март 2026 Жамият
261 0

Наврўз — халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган байрам. У янгиланиш ва яшариш фасли, инсон ва табиат ўзаро бир бутунлик касб этадиган айём. Наврўзий шукуҳли кунларда киши қалби кўкликларга, кенгликларга талпинади.

Шунга кўра, Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Наврўз тадбирлари “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғояси асосида очиқ майдонларда, умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда.

Жумладан, Яккабоғ туманида Наврўз тадбирлари 15 март куни нишонланган бўлса, бугун Деҳқонобод туманининг Тоғайтемир ҳамда Оқиртма маҳаллалари орасидаги кенг адирликлар бағрида туманнинг асосий байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Кўкка бурканган кенг далада деҳқонободликларнинг турмуш-тарзи, ҳунармандчилиги, миллий қадриятлари, санъати ўз аксини намоён этди гўё.

Бир томонда ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилган бўлса, бир ёнда миллий спорт ўйинлари барчани ўзига чорлади. Фольклор-этнографик гуруҳлари ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, бахшилар, ижодкорлар ҳамда профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларининг чиқишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

17 -19 март кунлари вилоятнинг яна қатор ҳудудларида байрам сайллари ўтказилиши режалаштирилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?