Қашқадарёда балиқчилик қачон ривожланади?

15:06 03 Март 2025 Жамият
124 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, балиқ гўшти барча озиқ-овқат маҳсулотлари ичида энг фойдали ҳисобланади. Дунёнинг кўплаб давлатларида балиқ маҳсулотларига нафақат озиқ-овқат, балки шифобахш маҳсулот сифатида ҳам қаралади. Аҳолининг йиллик балиқ истеъмоли ўртача 18-20 килограммни ташкил этади. Масалан, ўтган йилда мамлакатимизда қарийб 191 минг тоннадан ошиқ балиқ етиштирилган. Бу киши бошига йилига ўртача 5 килограмм атрофида балиқ тўғри келади, деганидир.

Мамлакатимиз шароитида кичик сунъий ҳавзаларда балиқ боқиш табиий шароитга қараганда анча фойдали ва самарали усул. Боиси, бунинг учун кўп ер, кўп ишчи кучи ва катта маблағ талаб этилмайди. Кичик ҳавзада балиқни етарли озуқа билан таъминлаб, тез етилтириш имкони бор. Тўрт ёки беш сотих ерда ҳам ҳавза ташкил этиб, тонналаб балиқ етиштириш мумкин. Бу усул жуда самарали эканини Чироқчи туманининг Қаҳрамон қишлоғи томорқачилари фаолиятида кўриш мумкин. Қаҳрамонликлар иссиқхонада кичик ҳовуз барпо этиб, ер остидан олинган сувда балиқ етиштириш бўйича ўзига хос мактаб яратган. Бугунги кунда маҳалладаги саксонга яқин хонадон кичик ҳавзаларда балиқ етиштириб, яхши даромад топмоқда. Эътиборлиси, сўнгги йилларда бундай усулда балиқ етиштираётган оилалар сони ортиб бормоқда.

«Талимаржон», «Чимқўрғон», «Пачкамар», «Қалқама» сув омборлари, Сичанкўл, Ачинкўл кўллари каби ўнлаб йирик сув ҳавзаларида балиқчиликни янада ривожлантириш бўйича катта салоҳият мавжуд. Аммо бу борада бир неча маротаба ҳукумат қарорлари, вилоят миқёсидаги дастурлар қабул қилингани, янги лойиҳалар белгилаб олингани билан айтарлик натижа сезилмаяпти. Вилоятда балиқ етиштириш салмоғи йилдан йилга камайса камайяптики, асло олдинга силжиётгани йўқ. Масалан, 2020 йилда Қашқадарёда 6447 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич атиги 4356,9 тоннани ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 августдаги қарори билан мамлакатимизда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, мавжуд сув ҳавзалари имкониятидан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида қатор чора-тадбирлар белгилаб берилганди. Мазкур қарорда 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда балиқ етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари ҳам келтирилган. Унга кўра, Қашқадарё вилоятида 40 000 тонна балиқ етиштирилиши лозим эди. Бироқ тўр сувдан кўтарилгандаги рақамлар бундан тўққиз баробар кам. Афсуски, вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун масъул бўлган аниқ бир ташкилот йўқ. Хусусан, мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш ва шундай ишларни ташкил этишга масъул идоралардан бири «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳисобланади. Ташкилотнинг қуйи органлари сифатида ҳудудлардаги «Балиқсаноат» МЧЖлар кўрсатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда биз ҳам «Қашқадарёбалиқсаноат» МЧЖнинг эшигини қоқдик. Бироқ бир ойдан ортиқ уринишларимиз давомида жамият раҳбаридан саволларимизга жавоб олиш имкони бўлмади. «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси масъулларининг изоҳ беришича, «Қашқадарёбалиқсаноат» МЧЖ тўлиқ тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Уюшма таркибида фақат кўмаклашувчи ташкилот мақомига эга. Ҳудудда балиқчиликни ривожлантириш бўйича зиммасига ҳеч қандай масъулият олмаган. Аслида балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ташкилий-технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, балиқ чавоқларини такрор кўпайтириш ва озуқа базани мустаҳкамлаш, табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўлларнинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий этиш «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг асосий вазифалари ва йўналишларига киради. Нега бу тармоққа эга кўпу масъул йўқ!

Оқибатда Қашқадарёда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилгани, ҳукумат доирасидаги муҳим дастурлар қабул қилинганига қарамай, натижа йилдан йилга пасайиб бормоқда. Ваҳоланки, воҳада балиқчиликни ривожлантириш учун кўплаб кўллар тизими ва сув омборлари мавжуд. Балиқчилик тармоғи ривожланса, қанчалаб янги иш ўринлари яратилади. Бу воҳа аҳолисининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаб, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширади. Мазкур мавзу юзасидан тегишли масъулларнинг жавобини кутамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер