Қаршида кўп йиллик қарағайлар нега кесилган эди?
2023 йилнинг 3 апрел куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрининг Табассум маҳалласида жойлашган болалар ўйингоҳи ҳудудидаги 30 тупдан ортиқ кўп йиллик қарағай дарахтлари кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар ўйингоҳининг тадбиркорга бериб юборилгани, қолаверса, дарахт кесишга мораторий эълон қилинган бир пайтда бу ердаги кўп йиллик дарахтларнинг ўзбошимчалик билан кесиб ташлангани аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, жамоатчилик фаоллари бу ҳақда бонг ура бошлашди.
Натижада Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси (ўша пайтдаги номи) ҳолатга тезкор муносабат билдириб, ҳақиқатан ҳам 30 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташланганлиги, бунинг оқибатида табиатга 151 миллион 650 минг сўм зарар етказилганлигини маълум қилди. Айбдорларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун вилоят прокуратурасига ўтказилганлигини таъкидлашди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги эса ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганиш олиб бораётганини айтиб, кесилган дарахтлар ўрнига янги кўчатлар экилаётганини билдирди.
Албатта, қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланаётгани, қолаверса, кесилган дарахтлар ўрнида яна янги боғ барпо этилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг аҳолининг ҳам кўнгли таскин топди. Жамоатчилик орасида алангалаган муҳокамалар тинди.
Ана шундан сўнг яна ҳамма ўз билган ишини қилди. Тадбиркор янги экилган дарахтлар билан бирга, болалар майдончасидаги аттракционларни ҳам қўпориб ташлаб, ўрнида қурилиш бошлади. Ниҳоят бугун бу жойда шу кўп қаватли уй қад ростлади.
Дарахт кесиш, ноқонуний қурилишларга нисбатан жазолар қатъийлаштирилмас, ҳокимият назоратни ўз қўлига ола билмаскан, юқоридаги каби “ўйин”лар давом этаверади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг