Қаршида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилди

15:11 25 Ноябрь 2024 Жамият
158 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Икки кун давом этган ярмаркада мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналари, уларнинг маҳаллий ва чет эллик ҳамкорлари, шунингдек, хусусий ишлаб чиқарувчилардан иборат 100 дан ортиқ субъект томонидан мингдан ортиқ маҳсулотлар кўргазмасини тақдим этилди. Корхоналар ва истеъмолчи субъектлар ўртасида ўзаро келишув битимлари, шартномалар тузиш учун қулай имконият яратди.

— Ярмаркада янги ҳамкорлар билан 15 га яқин шартномалар тузишга эришдик, — дейди Тошкент қувур заводи менежери Феруз Олимов. — Муҳими, ярмаркада иштирок этиш асносида Қашқадарё вилоятида ҳам маҳсулотларимизга талаб юқорилигини кўрдик. Ўз сотув бўлимимизни очиш режаси пайдо бўлди.

Китоб туманидаги “Кифти-об дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти икки йил аввал биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширган эди. Айни пайтда корхонада ўндан ортиқ биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилмоқда.

— Маҳсулотни асосан ички бозорга етказиб беряпмиз, — дейди “Кифти-об дори-дармон” МЧЖ бош технологи Урал Тўраев. — Бугунги ярмаркадаги иштирокимиз биз учун муҳим аҳамиятга эга. Иштирокчиларга ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кенг маълумот бердик. Янги ҳамкорлар билан икки томонлама келишувларга эришдик.

Ҳудудий саноат ярмаркасида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, шунингдек, бир қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари ҳамда дипломатлар ҳам иштирок этишди.

Ярмарка доирасида “Kashkadarya investment—2024” халқаро бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди.

Форумда инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги масъуллари сўзга чиқиб, кейинги пайтда мамлакатимизда инвестицион муҳит ва унинг жозибадорлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳақида маълумотлар берди. Соҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?