Қарши тарихининг тўкилиб бораётган тўрт парчаси

17:24 15 Март 2023 Жамият
1357 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳри қадимий ва бой тарихга эга. Бу ерда қадимдан шаҳарсозлик ривож топгани, йирик муҳандислик иншоотлари, бозорлар, боғ-роғлар бўлгани манбалардан маълум. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келмаган. Сақланиб қолганлари эса Кўкгумбаз, Одина жомеъ масжидлари, Бекмир, Қиличбек, Хожа Абдулазиз мадрасалари, Қарши сардобаси, Абу Убайда бин ал-Жарроҳ зиёратгоҳи, Қашқадарё кўприги, Қарши ҳаммоми ва яна бир нечта маданий меърос объектларидир.

Албатта, ушбу маданий мерос объектларининг ҳар бири беқиёс тарихий аҳамиятга эга. Уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш эса асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Аммо неча-неча асрлар тўфонларида омон қолиб, бизгача етиб келган бу маданий мерос объектларининг аксарияти бугун ниҳоятда ачинарли аҳволга келиб қолган. Қуйида уларнинг тўрттаси билан танишасиз.

Ҳарамжўй масжиди

Қарши шаҳрининг Ҳарамжўй маҳалласида жойлашган ушбу масжид 5 асрлик тарихга эга. Пештоқидаги лавҳада ҳам бинонинг XVI асрда қурилгани ҳамда ҳозирги кунда lавлат муҳофазасида эканлиги акс этиб турибди.

Бугунги кунда Ҳарамжўй масжидининг тарихий қисмидан битта хона, унинг шифт қисми ҳамда битта ёғоч эшиги сақланиб қолган, холос. Ана шу қисмларнинг ўзидаёқ бинонинг такрорланмас услуб ва ноёб архитектура ечимларга эга бўлгани кўзга ташланади.

Маҳалла оқсоқолларининг айтишича, шўролар даврида бу бинодан турли мақсадларда фойдаланилиб, унга катта зарар етказилган, бир қисми қулаб тушиб, йўқолиб кетган.

Мустақилликдан сўнг Ҳарамжўй масжиди меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган. Бироқ қуруқ муҳофазага олиш билан уни сақлаб қолиб бўлмайди. Бино сифатли таъмир, эътибор ва қаровга муҳтож. Акс ҳолда беш асрлик тарихий обида яқин йиллар ичида йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Кулол масжид.

Қарши шаҳрининг Чақар маҳалласида жойлашган Кулол масжиди XVIII асрда бунёд этилган. Унинг тарихи билан боғлиқ маълумотлар кам.

Маҳалла кексаларининг эслашича, 1950 йилларга қадар бинонинг ҳамма томони ёпиқ ҳолда турган. Кейинчалик эшик ва деразалари очилиб, қайсидир ташкилотга берилган ва бу ерда рангли чироқлар тайёрланган.

Мустақилликдан сўнг Кулол масжиди архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган, аммо бинони таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш борасида ҳеч қандай иш қилингани йўқ.

Натижада кўп йиллар давомида эътиборсиз қолиб, ўта таъмирталаб аҳволга келган масжид биноси айни вақтда бир томонга оғиб қолган ва атрофдагилар учун ҳам жуда хавфли ҳолатда турибди.

Чақар масжиди

ХVIII асрда бунёд этилган Чақар масжиди биносининг бир қисми аллақачон тўкилган. Шундан сўнг аҳоли ўз ташаббуси билан бир неча маротаба уни таъмирлаб, айрим қисмларини қўшишган ҳам.

Бироқ тарихий бино меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олингач, аҳолининг уни ўзбилармонлик билан таъмирлашига чек қўйилди. Шу билан бир қаторда давлат томонидан ҳам ҳеч қандай эътибор қаратилмаган. Айни вақтда бино ўта таъмирталаб аҳволда.

Шарифбой мадрасаси

Ушбу мадраса XVIII асрда пишиқ ғиштдан барпо этилган бўлиб, икки сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган. Ҳовли сатҳи жуда кичик, тўрт томонида 12 та ҳужра мавжуд. Ўз даврида бу ердан кўплаб зиёли кишилар етишиб чиққан.

Меъморий ёдгорликнинг «Шарафбой мадрасаси» деб аталишига сабаб эса у шу ерлик Шарафбой исмли инсон томонидан барпо этилган.

Маълумотларга кўра, шўролар даврида Шарафбой мадрасасида бир муддат рентгенхона фаолият юритган. Кейин бу жой тери-таносил касалликлари бўйича шифохона филиалига айлантирилган. Яна бир муддат омборхона вазифасини ўтаган. Ва табиийки, шу йиллар давомида тарихий бино ўта таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Мустақилликдан сўнг Шарафбой мадрасаси давлат муҳофазасига олинган. Бу ўша пайтда кўпчиликда ушбу мадрасанинг таъмирланиб, меъморий ёдгорлик сифатида асраб-авайланиши, шаҳар тарихининг бир бўлаги сифатида келажак авлодларга ҳам етиб боришига ишонч уйғотган бўлса, ажаб эмас. Аммо орадан йиллар ўтмоқдаки, пештоқида давлат муҳофазасида эканлигини англатувчи ёзув турибди, холос. Ўта таъмирталаб, қаровсиз қолган тарихий иншоотнинг ўзи эса аста-секин нураб бормоқда.

Масъуллар нима дейди?

Таъкидлаш жоиз, биргина Қарши шаҳрининг ўзида давлат муҳофазасига олинган 25 та архитектура ёдгорлиги мавжуд. Уларнинг барчасини сифатли таъмирлаш ва сақлаш осон иш эмасдир балки. Лекин бу борада қандайдир аниқ чора-тадбирлар белгилангани, қатъиятлилик, жонбозлик кўрсатилаётгани ҳам йўқ. Масъуллар эса гоҳ у обидани, гоҳ бу обидани таъмирлаш бўйича йиллик дастурларга киритиш билан овора. Аммо дастурга киритилгани билан амалий иш қилинмаса, бари бекор.

Мисол учун, 2021 йилда Маданий мерос департаменти Қашқадарё вилоят бошқармаси (аввалги номи)га раҳбарлик қилган Хислат Ҳотамов Ҳарамжўй ва Кулол масжидлари 2021 йилги таъмирлаш дастурига киритилгани, Шарафбой мадрасаси эса 2022 йилги дастурга тушиши ҳақида айтган эди. Бу ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳам хабарлар берилган. Лекин шу кунга қадар ҳар учала объектда бирор таъмирлаш иши амалга оширилмади.

Бу орада ташкилотнинг ҳуқуқий шакли ўзгариб, Қашқадарё вилоят маданий мерос бошқармаси деб аталмоқда. Унинг янги раҳбари Обиджон Ҳамидов эса яна бошқа маълумот берди.

—  2022 йилги таъмирлаш дастурига Қарши шаҳридан 2 та обида киритилган эди, — дейди Обиджон Ҳамидов. –— Бироқ ишлар кеч бошлангани боис уларни ўтган йилнинг ўзида якунлаш имкони бўлмади. Айни пайтда ҳам таъмирлаш ишлари кетяпти.

Обиджон Ҳамидовнинг айтишича, жорий йилда вилоят миқёсида 10 та маданий мерос объектини таъмирлаш режалаштирилган. Бироқ уларнинг орасида Қарши шаҳридаги маданий мерос объектлари йўқ. Демак, Ҳарамжўй, Кулол, Чақар масжидлари ҳамда Шарафбой мадрасаси таъмирни ҳали анча кутади. Агар унгача ета олишса, албатта.

 

Хулоса ўрнида

 

Биз бу билан кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Масъуллар бунинг учун етарли миқдорда маблағ ажратилмаётгани, тарихий обидаларни сифатли таъмирлай оладиган мутахассислар йўқлиги ва яна шу каби кўплаб сабабларни келтириши мумкин.

Бироқ миллий маданиятимизни, халқимизнинг қадимий тарихидан сўзлайдиган ноёб ёдгорликларни асраш, ўрганиш, татқиқ этиш ва авлодларга етказиш каби масалалар устувор аҳамият касб этаётган бугунги кунда Қарши шаҳридаги ушбу тарихий обидалар бу қадар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги керак, назаримизда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?