Қапчуғайнинг ноёб узум плантациялари

16:20 08 Июль 2024 Жамият
225 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Шоҳимардонсой ўнлаб қадимий қишлоқлардан оқиб, Қапчуғайга келганда олтита ариққа бўлинади. Бу ариқлар йилнинг тўрт фаслида миришкорларнинг деҳқончилигига даромад келтиради.

Кейинги пайтда Қапчуғай адирларида чинакам мўъжиза яратилди. «Янги Ўзбекистон узум боғи»да 1000 гектар дашт ерлар ўзлаштирилиб, давлат бюджети маблағи ҳисобидан йўл, электр таъминоти билан таъминланди. Сув тармоғи тортилди. Томчилатиб суғориш технологиялари ишга туширилиб, махсус сув ҳовузи ташкил этилди. Ҳар бир оилага ўртача 20-25 сотихдан ер ажратилди. Маҳаллий иқлим шароитига мослаб экилган ўнлаб навли узум кўчатлари ҳосилга кирди. Ҳозирча узум қаторларида экилган маҳсулотлардан олинаётган даромад қанча оилаларнинг рўзғорини тебратиб келмоқда.

— Қапчуғайда 20 гектар ер ўзлаштириб, гилос, ўрик, шафтоли, узум боғи ташкил этганман, — дейди миришкор боғбон Абдураҳим Оламов. — Айни пайтда ушбу ҳудудда пистачиликни ривожлантириш бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб бориляпти. Шу билан бирга, сувсизликка чидамли қадимий Олтиариқ бодоми навини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Олтиариқ туманида 72 та МФЙдаги 40,5 минг хонадонда қарийб 230 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли томорқаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари тасарруфида 4 минг 500 гектар узум боғи мавжуд. Шунингдек, 70 минг тонна сиғимга эга 85 та мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган музлатгичли омборхоналар мавжуд. 67 та экспортёр корхона, 30 дан ортиқ логистика марказлари ҳамда 1та мева-сабзавот сотишга мўлжалланган улгуржи бозор ташкил этилган.

2023 йили 114,4 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, бу борада туманнинг вилоят миқёсидаги улуши 17 фоизга етди. Асосий драйвер сифатида 42,5 минг тонна узум экспорт қилинди. Экспорт МДҲ давлатларидан ташқари, Эрон, Индонезия, БАА, АҚШ сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайди. Олтиариқ туман ҳокимлиги делегацияси яқинда Полша мамлакатида бўлиб, бир қатор истиқболли келишувларга эришди. Хусусан, «Agro House» МЧЖ билан ҳамкорликда мамлакат пойтахти Варшава шаҳрида Савдо уйи ташкил этилди.

Ўзбек олимлари янги узум навларини кўпайтириш, бу борада Хитой, Ҳиндистон, Европа мамлакатларидан экспортбоп навларни олиб келиб маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. Профессорлар Ҳусанбой Ғофуров хонадонида узум ҳосили кейинги мавсумгача табиий усулда сақланса, Ашурали Каримов узумзорида ҳамиша қадрдон наволар жаранглаб туради.

— Уч гектар узум боғим бор. Унинг бир гектари тажриба лабораторияси, — дейди тажрибали агроном Абдумуталиб Ғофуров. — Боғда «Мерс», «Ризамат ота», «Келин бармоқ» сингари харидоргир узумлар билан бирга, эндиликда узумнинг кишмишбоп, уруғсиз навлари ҳам кўпайтирилмоқда. Хусусан, узумнинг узоқ масофага ташишга яроқли, экспортбоп «Аватар» нави ҳосилини харидорлар узум боғининг ўзидан килосини 150 минг сўмдан олиб кетишади. Агроном мазкур навни қаламча усулида кўпайтириб, жорий куз мавсумида 100 миллион сўмлик кўчат сотишни режалаштирмоқда.

Бугун элимиз дастурхонига барака киритиб турган Қапчуғай узумзорларининг донғи юртимиз бўйлаб таралмоқда. Бозорларда ҳам ўз баҳоси ва харидорига эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?