Қандли диабетнинг қайси турлари хавфли?

22:08 01 Октябр 2020 Жамият
29886 0

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова билан суҳбат эълон қилинди.

— Қандли диабет наслдан наслга ўтадими? Агар шундай бўлса, олдини олиш чораси борми?

— Қандли диабетнинг иккинчи тури наслдан наслга ўтади. Мойиллиги бор инсонлар ушбу хасталикка умрбод чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари зарур бўлади.

— Ушбу хасталик билан оғриган беморлар узоқ умр кўриши учун нималарга эътибор қаратишлари лозим бўлади?

— Энг аввало, қандли диабет билан оғрийдиган бемор ҳар ярим йилда стационар шароитда даволаниб туриши керак. Қандли диабет касаллигининг даво чоралари кўп. Бемор доимий равишда парҳезда бўлиши, қанд пасайтирувчи воситаларни истеъмол қилиб бориши, жисмоний фаолликни ошириши зарур. Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъий назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим.

Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрида юрсагина қандли диабетнинг асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Акс ҳолда стационар даволаниш ҳам бу касалликда ёрдам бера олмайди. Бемор йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтиши, умумий қон, умумий пешоб ва биокимик таҳлилларни ўз вақтида ўтказиши зарур.

— Қандли диабет билан касалланган беморлар қайси мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда даволанади? Одатда ташхис қандай қўйилади?

— Қандли диабет билан касалланган беморлар, авваламбор, эндокринолог назоратида бўлиши лозим. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чораларини кўриши керак.

Бемор билан суҳбатда бўлган шифокор шубҳали белгиларни сезса, оч қоринга бармоқдан қон олиш (қандли диабетга), глюкоза учун пешоб таҳлили, қондаги инсулин ва гликозил гемоглабин даражасини аниқлашга киришади. Қандли диабет белгиларини аниқлаш учун ушбу текширувлар етарли.

Агар диабетнинг аниқ белгилари бўлмаса, лекин сиз хавф гуруҳида бўлсангиз, йилда бир марта қандли диабетга қон топширинг. Соғлом одамлар эса бундай текширувдан уч йилда бир ўтишлари керак.

— Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун нималарга аҳамият қаратган афзал?

— Беморлар нафақат қонда қанд миқдорининг балансига, балки липидлар миқдорига, қон босимининг меъёрда бўлишига ва қоннинг қуюқлашмаслигига эътибор қаратишлари лозим. Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш – тўғри овқатланиш, серҳаракат бўлиш, шифокор назоратида бўлиб, дори воситаларни мунтазам қабул қилиш тавсия этилади.

— Аҳоли орасида тарқалган қандли диабетнинг қайси турлари хавфли? Ушбу хасталикка чалинмаслик учун қандай профилактик чораларга жиддий аҳамият беришлари талаб этилади?

—Қандли диабетнинг бир неча турлари фарқланади, аҳоли орасида қандли диабетнинг 2-тури кўпроқ тарқалган. Хавфлиси 1-тури ҳисобланади. Сабаби у кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида даволаш чоралари кўрилиб, назоратга олинмаса, кома ҳолатига олиб келиши мумкин. Кенг тарқалган 2-турининг эса олдини олса бўлади. Агар инсонда диабет олди ҳолат кузатилса, метформин дори воситасини қабул қилиш тавсия қилинади.

Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланади.

Инсоннинг табиий ширинликка бўлган эҳтиёжини беморлар қанд ўрнини босувчи воситалар ёрдамида қондириши мумкин. Улар ширинликсиз тура олмайдиган инсонларга тавсия этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?