Қамишни «сайратган» уста

16:38 17 Март 2025 Жамият
226 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Деҳқонободнинг Наврўз тантаналари ҳам тоғликларнинг кўнгли, феъл-атвори каби кенгликларга ошуфта. Бу ерда давлат тадбирларидан тортиб, қишлоқ ва маҳаллаларнинг Наврўз тантаналарига қадар поёнсиз қиру адирлар бағрида, дашту далаларда нишонланади. Қишлоқдошлар, маҳалладошлар Наврўз байрами баҳонасида кенг далада тўпланиб миллий таомлар пиширади. Кураш, кўпкари, чиллак, арқон тортиш каби ўйинлар ташкил этади. Миллий куй ва оҳанглар дилларга ўзгача туйғулар бахш этади.

Айниқса, Деҳқонободдаги Наврўз сайллари халқимизнинг қадимий созлари – най, шулловиқ, дўмбира, чанқовузу сибизғаларсиз ўтмайди. Аксарият деҳқонободликлар бу созларни чалишни билишади. Аммо уларни ўз усталари чалганида бу митти созлар том маънода «тил»га кириб кетади.

Деҳқонободнинг Усмондара қишлоғида туғилиб вояга етган Аҳмад бахши Жўраев ҳам сибизға устаси. Қайси тадбирга бормасин чўнтагида сибизғаси билан боради. Ёш-яланглар дарров уни ўраб олиб, сибизға чалиб беришини сўрайди. Бу йил 65 ёшни қаршилаган Аҳмад бобо шу ердаги харсанглардан бирининг устига чўккалаб, ўтган кузда қамишдан ўзи ясаган сибизғасини олади. Аввал «қўй қайтариш», сўнг «қўзи манграш» куйларини берилиб чала бошлайди. Кенг далани митти сознинг гоҳ мунгли, гоҳ ўйноқи садоси тутади.

— Сибизғанинг бошқа созлардан фарқи, уни фақатгина қамишдан қўлда ясаш мумкин, — дейди Аҳмад бахши Жўраев. — Ҳеч қандай технологиялар ёрдамида бу созни ясаб бўлмайди. Ясасангизда, овози қамишникидек чиқмайди. Ўзим сибизға чалишни ҳам, уни ясашни ҳам ёшлигимда бобомдан ўрганганман. Эллик йилдан буён мунтазам чалиб келаман. Яхши сибизға ясаш кишидан катта тажриба, ўз ишига бўлган меҳр ва иштиёқни талаб этади. Уларсиз бу созни ясаш имконсиз.

Сибизға ясаш қамиш танлашдан бошланади. Имкон қадар сувни кам ичган, етилиб пишган ва керакли ўлчамдаги қамиш поясини олиб, тоза ва салқин жойда обдон қуритилади. Қамиш тўлиқ тайёр бўлгачгина сибизғани ясашга киришилади. Уста ўлчамларга, айниқса, сибизғанинг «тилини чиқариш»га жуда эътиборли бўлиши керак. Озгина ҳафсаласизлик ҳам кутилган оҳангни бермайди.

Аҳмад бахши Жўраев чанқовуз, най чалишни ва ясашда ҳам моҳир. У бугун ёшларга ҳам халқимиз миллий маданиятининг узвий бир бўлаги бўлган бу созларни ясаш ва чалишни ўргатиб, уларнинг оҳангларини тарғиб қилиш ва сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер