Мадуро Россия ракеталари билан “мақтанди”
Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакат ҳаво мудофаа тизимида Россияда ишлаб чиқарилган 5 мингта зенит ракета мавжудлигини маълум қилди. Бу баёнот АҚШнинг Кариб ҳавзасида ҳарбий фаолияти кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди.
АҚШ президенти Дональд Трамп наркотик моддалар савдосига қарши кураш доирасида ҳамда Вашингтоннинг доимий рақиби Мадуро ҳокимиятини заифлаштириш мақсадида Венесуэлага қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боришини таъкидлади.
Мадуро эътироф этган Россия зенит тизимлари АҚШнинг “Stinger” қуролига ўхшаш бўлиб, қисқа масофада ва паст баландликда ҳаракатланадиган нишонларни уриб туширишга мўлжалланган. Улар қанотли ракеталар, дронлар, вертолётлар ва пастдан учувчи самолётларни самарали йўқ қилиш қобилиятига эга.
“Рособоронэкспорт” маълумотларига кўра, мазкур тизимлар 6 километргача масофадаги, 3,5 километр баландликдаги нишонларга зарба бера олади.
АҚШ эса картелларга қарши операцияларни кучайтириш ва ҳарбий қудратни намойиш этиш мақсадида Кариб денгизига 4,5 мингга яқин денгиз пиёдалари ва ҳарбийларни жойлаштирди. Улар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани айтилган қайиқларга бир неча марта қақшатқич зарбалар берди.
Бироқ Америкадаги қатор қонунчилар “нарко-қайиқлар”га берилган зарбаларнинг қонунийлигига шубҳа билан қарай бошлади.
Ўтган ҳафта Трамп Марказий разведка бошқармасига Венесуэлада яширин операциялар ўтказишга рухсат берганини маълум қилди. АҚШ расмийларининг фикрича, Мадуро ҳокимиятига босимни кучайтириш орқали уни ҳокимиятдан четлатиш режалаштирилмоқда.
“Биз ҳозир қуруқликка эътибор қаратяпмиз, чунки денгизни жуда яхши назорат қилдик”, — деган Трамп журналистларга.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Вашингтон охирги ойларда Венесуэлада ҳарбий ҳаракатлар учун замин яратишга ҳаракат қилмоқда. Мадуро эса бу айбловларни рад этиб, АҚШнинг минтақадаги фаолиятини қоралаш, қўшинларни қайта жойлаштириш ва ички хавфсизлик кучларини сафарбар этиш орқали қарши жавоб бермоқда.
Президентнинг сўзларига кўра, Венесуэлада ҳозирда 8 миллиондан зиёд кўнгилли захира аскарлар мавжуд. Бироқ экспертлар бу рақам ҳамда қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ҳақида шубҳа билдирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг